Оиладаги зўравонликларни олдини олиш ва жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда бу борадаги қонунчиликни тушунтириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди

 

Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар.Уларга ақл ва  виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак”
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 1-моддаси.

Конституциямизда барча фуқароларнинг бир-хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, ҳеч ким қийноққа  солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эгалиги, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши жамиятда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлигини ифода этиш билан бирга барча фуқароларга бурчлари сифатида Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканликлари белгилаб берилган.  

2021 йил 22 июнь куни Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси  С.Аллабердиев, судья А.Холмуминов, фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси М.Аллаярова, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари С.Валиева, туман ИИБ катта инспектори, подполковник И.Полвановалар иштирокида туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими биносида “Оиладаги зўравонликларни олдини олиш ва жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда бу борадаги қонунчиликни тушунтириш” мавзусида туман хотин-қизлари билан  давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбати давомида йиғилганларга Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги ЎРҚ-561-сонли, “Хотин-Қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрь кунидаги ЎРҚ-562-сонли Қонунлари,  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 4-январь кунидаги 3-сонли, 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларининг мазмун-моҳияти, қайси омиллар ушбу қонун ва қарор ҳужжатларини давлат сиёсатининг устувор вазифаси даражасида қабул қилиш заруратини туғдирганлиги, шунингдек ушбу қонун ва қарорларни амалда татбиқ этиш орқали оиладаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини кескин камайтариш ва хотин-қизлар жабр кўришини олдини олиш, “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларнинг муаммоларини ўрганиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва оиладаги мавқеларини ошириш, янги барқарор оилаларни вужудга келтириш, хотин-қизларга ҳуқуқий, моддий ва тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш, оиладаги зўравонликларни олдини олиш ва қонун устуворлигини таъминлашга эришиш  асосий мақсад этиб белгиланганлиги тўғрисида тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, давра суҳбатида давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 4-январь кунидаги 3-сонли қарори билан тасдиқланган Низомлар қоидалари, яъни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ҳимоя ордери ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш, ҳимоя ордери бериш муддатини узайтириш, тазйиқ ва зўравонлик содир этган  ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравонлик  хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тартиби, ҳимоя ордерининг шакли,  ҳимоя ордери талабларини ижро этиш муддатларига амал қилиш ва ижроси устидан назорат  юритишга оид тадбирларни ўтказиш, субъектларнинг ўзаро  муносабатлари, ордер нусхасини жабрланган хотин-қизга ҳамда зўравонлик содир этган шахсга бериш тартиблари тўғрисида кенг тушунтириш берилди.

Тадбир давомида туман ИИБ  профилактика инспекторлари томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган икки нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилиши таъминланди. Бундан ташқари,  тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг  саволларига  жавоб ва  тушунтиришлар берилди.

Аббос Холмуминов, Қумқўрғон туманлараро

иқтисодий суди  судьяси                                    

М.Холбеков,  Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси                                                  

ЎЗИНГДАН ЧИҚҚАН БАЛОГА…

“Қайга борасан даъвога”, деб бежиз айтишмас экан-да. Бу нақлни маъносини яқинда бошларига бир кўнгилсизлик тушган оила вакиллари янаям теранроқ англаб етишади. Аниқроғи, ҳис қилишди-ю, уларга жуда оғир ботди. Сабаби…

Муҳриддин (исм-фамилялар ўзгартирилди) нинг пешонасига уч ёшлигидаёқ етимлик ёзилган экан. Лекин, Ҳалима опа уни ўз тарбиясига олиб, етимлигини билдирмай катта қилди. Вояга етгач, Муҳриддин кўпинча хорижга, бошқа вилоятларга ишлагани бориб келар эди.

Бу сафар ҳам Тошкент шаҳридан қайтаётиб йўлда ўгай онаси билан тортишиб қолади. Аччиқ устида Жиззах шаҳрига ишлаш учун кетмоқчи бўлди. Аммо йўлга маблағи йўқ, нима қилишни билмай турганда, бирдан онасининг синглисини шу атрофда яшаши эсига тушади. Холаси кўпинча Тошкент шаҳрида яшашини, келини уйда бўлмаслиги унга анча қўл келди.

Кечаси соат 22 лар чамаси холасининг Узун туманидаги яшаш уйига ўғринча кириб, кўзга кўринган нарсаларни, аёл ва эркакнинг кўйлаги борми, кўрпа-тўшак ва чинни идишлар борми ҳаммасини йиғиб, олиб кетишга қулай бўлиши учун дарвоза олдига тўплаб қўйди. Кейин холасининг ён қўшнисини ошхонаси очиқлигини кўрибу ергаям кирди.

Ошхонада турган нон печини олиб чиқиб, униям ўмарган нарсаларининг ичига қўшиб қўйди. Энди “ўғригина бола” нинг олдида бу ўғирланган буюмларни олиб кетиш ва сотиш муаммоси турар эди. Хайдовчига “бу ердан кўчаяпман нарсаларимни олиб кетишим керак”, деган важ кўрсатиб, ўғирланган нарсаларни Сариосиё туманидаги дўконлардан бирига олиб бориб туширди. Баҳонаси ҳам тайёр “Тошкент шаҳрига иш юзасидан кетаяпти-ю, йўл кирага пули етимаётганлиги сабабли уйидаги баъзи нарсаларни сотишга мажбур бўляпти”…

Унинг гапларига ишонган дўкон сотувчиси у сўраган  300 минг сўм пулни бериб, нон печи ва чинни идишларни олиб қолади.

“Касалини яширган билан иситмаси ошкор этди-ю”, кўп вақт ўтмай у Жиззах шаҳридаги ошхоналардан бирида ишлаб юрганида ИИБ ходимлари томонидан гумондор сифатида қўлга олинди.

Зарар қопланганлиги, даъвогар томонидан даъводан воз кечилганлиги инобатга олиниб, қонун доирасида жазо тайинланди, албатта, Аммо виждони бор одам учун шаънига “ўғри” деган тамғанинг ёпишиши энг оғир жазо аслида… 

Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди раиси

Ойбек Жуманов

Сурхондарё вилоят судининг судьяси

Зуфар Нарзиев

Шифокорнинг эътиборсизлиги фожеага сабаб бўлди

Шифокорларни инсон ҳаётини сақлаб қолувчи нажот фаришталари десак муболаға бўлмайди, аммо бу соҳада ҳам ўз касбига совуққонлик билан қараб, ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик ва бепарволик қилиш оқибатида ёш инсонларнинг бевақт умри  хазон бўлишига сабабчи бўлиб қолаётган шифокорларни учратиш мумкин.

          Лола Азизова (исм, фамилиялари ўзгартирилган) турмуш ўртоғи Рустам Инотов (исм, фамилиялари ўзгартирилган) билан не-не ниятларда турмуш қурди. Аллоҳ  уларга  фарзанд кутишдек ажойиб бир неъматни ҳам ато этди, аммо минг афсуски тиббиёт ходимларининг бепарволиги сабаб унинг ҳаёти туғруқ жараёнида фожеа билан тугади.

         Аслида воқеа бундай бўлганди. Лола Азизова турмуш ўртоғи билан бир неча йиллардан буён Тошкент шаҳрида яшаётганди, ўша ерда ҳомиладорлиги бўйича ҳисобда туриб, барча тиббий кўриклардан ўтганди, пандемия бошланиб, карантин эълон қилинганлиги сабабли Олтинсой туманига қайтиб келди ва келганидан сўнг Деновда 2 маротаба, Шўрчи туманида 1 маротаба тиббий кўрикдан ўтганди, унинг соғлиги яхши эди.

       Лола Азизованинг ой-куни етгандан сўнг, уни онаси, қайнонаси ва турмуш ўртоғи  биргаликда Олтинсой тумани туғруқ бўлимига олиб келишди. Шифокорлар Саид Авазов ва ( исм, фамилиялари ўзгартирилган), Адиба Ҳафизова ( исм,фамилиялари ўзгартилган, акушер гениколог) лар Лола Азизованинг аҳволи яхши эканлигини, худо ҳоҳласа эсон-омон фарзандини қўлига олиши мумкинлигини айтгандан сўнг  хотиржам бўлишди.

        Шифокорлар Саид Авазов ва Адиба Ҳафизовалар томонидан ҳомиладор Лола Азизованинг алмашув картасида унинг қон гуруҳи кам учрайдиган ОaB (I) Rh-манфий резус факторли эканлиги кўрсатилган бўлсада, бунга эътибор қаратмасдан, ушбу тоифадаги қон захирасини топиш чораларини кўрмаганлиги,  зудлик билан беморнинг умумий қон, биохимик ва сийдик таҳлили натижаларини олиб, мутахассисларни чақиртириб, беморни кўрикдан ўтказмаганлиги, кўрик ва таҳлил натижаларидан келиб чиққан ҳолда туғруқ режасини ишлаб чиқмаганлиги натижасида ҳомиладор Лола Азизовага нотўлиқ ташхис қўйилганлиги оқибатида  Лола Азизовада туғруқдан сўнг қон ивимаслиги туфайли қон кетиши тўхтамаслиги ҳолати кузатилишига, беморда бачадонни олиб ташлаш операциясини ўтказиш жараёнида ўз вақтида ушбу гуруҳ ва резус фактордаги қон захираси тайёрлаб қўйилмаганлиги, ушбу турдаги қон топилгунига қадар қон плазмаси қуйилмаганлиги натижасида ҳомиладор Лола Азизованинг ички қон кетишидан вафот этишига сабабчи бўлган.

         Балки шифокорлар томонидан ҳомиладор Лола Азизованинг қон гуруҳи резус манфийлигига эртароқ эътибор қилиб, зарур чоралар кўрилганида балки бир инсоннинг тақдири сақлаб қолинган бўлармиди.

          Суд, судланувчилар Саид Авазов ва Адиба Ҳафизоваларнинг айбига иқрор, қилмишидан пушаймонлигини, марҳуманинг қонуний вакилининг давоси йўқлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, уларнинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқ деб ҳисоблаб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми билан, шу Кодекснинг 45-моддасини қўллаб, 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни тиббиёт соҳасидаги вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

 Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг раиси         Илҳом Абраев

Сурхондарё вилоят судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти      Нилуфар Тўраева

Skip to content