ҲУҚУҚБУЗАРГА ЖАЗО МУҚАРРАРЛИГИ ТАЪМИНЛАНДИ

Шахсий телефонида ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни сақлаб келган шахс қамоққа олинди.
Мамлакатимизда таъқиқланган миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади. Афсуски, кўп юртдошларимиз ижтимоий тармоқлардан нотўғри фойдаланишлари натижасида жавобгарликка тортилиб қолмоқдалар.
Шўрчи тумани “Хайробод” маҳалласида яшовчи Салим Баҳодиров (исм-фамилияси ўзгартирилган) ҳаётда ҳали оқу-қорани танишга улгургани йўқ. Аниқроғи, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва уни тарғиб этувчи маърузаларни ўзининг телефон аппаратига юклаб олиб, мунтазам равишда эшитиб келган. Ҳуқуқни муфоза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Салимнинг ана шу қилмиши фош бўлди. У томонидан фойдаланиб келинаётган телефон аппарати кўздан кечирилганида, унинг хотирасида диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни сақлаб келаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича Қўмитасининг Диншунослик экспертиза хулосасига кўра, Салим Баҳодировнинг телефон аппаратида сақланиб келаётган нашидалар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материаллар туркумига кириши қайд этилган.
Куни кеча Шўрчи туманидаги “Маданият уйи”нинг мажлислар залида жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида 100 дан ортиқ фуқаролар иштирок этди. Сайёр суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 184-3-моддаси билан Баҳодиров Салимга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, суд томонидан у айбдор деб топилди.


Суд жазо тайинлаш чоғида ҳуқуқбузарликнинг хусусиятини, ҳуқуқбузарнинг шахси, айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб, унга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Шунингдек, суд, ашёвий далил тариқасида олинган телефон аппаратини тегишли тартибда мусодара қилишни белгилашликни лозим деб топди.


Муқим иш жойига эга бўлмаган, ҳаётининг энг мазмунли кунларини илм олишга ёки фойдали ишларга сарфлаш билан эмас, балки кўп вақтини ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва уни тарғиб этувчи маърузаларни юклаб олиб, мунтазам равишда эшитиш билан ўтказган. Салимнинг нотўғри ҳатти-ҳаракатлари уни темир панжаралар ортига равона қилди.
ШЕРАЛИ ҚОДИРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди тергов судьяси