ҲАР ҚАНДАЙ ҲОЛАТДА ҲАМ УНДИРУВНИ ГАРОВ МУЛКИГА ҚАРАТИШ МУМКИН ЭМАС

Ўзбекистон Республикаси “Гаров тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддаси биринчи қисмига кўра,гаровга олувчининг (кредиторнинг) талабларини қондириш учун ундирувни қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни ўзи жавобгар бўлган вазиятларда бажармаган тақдирда ёки лозим даражада бажармаганда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиши мумкин.
Бироқ, ҳар қандай қарздорликни ундиришда ундирувни гаров мулкига қаратиш мумкин эмас.
Мазкур Қонуннинг учинчи қисмига кўра, агар гаров билан таъминланган мажбуриятнинг қарздор томонидан бузилиши жуда арзимас бўлса ва шу туфайли гаровга олувчи талабларининг миқдори гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматига аниқ мос келмаса, ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни рад этиш мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 22 апрелдаги “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги
ЎРҚ-1060-сонли Қонуни 1-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан “Гаров тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддаси тўртинчи қисм билан тўлдирилди.
Унга кўра, гаров билан таъминланган мажбуриятнинг бузилиши қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлган тақдирда, жуда арзимас деб ҳисобланади:
1) агар гаров билан таъминланган, қарздор томонидан қопланмаган мажбуриятнинг суммаси гаров қийматининг ўн беш фоизидан камроқни ташкил қилса;
2) агар гаров билан таъминланган мажбурият бажарилишининг кечикиши кетма-кет уч ойдан ошмаган бўлса.
Шунингдек, ушбу Қонуннинг 2-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 279-моддасига шу мазмундаги учинчи қисм билан тўдирилди.
Бундай ҳолатда, судлар томонидан низони мазмунан ҳал этишда даъво талабидаги қарз миқдорининг гаров мулки қийматига нисбатини ва қарздорликни юзага келган даврини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади.
РУФАТ БЕГИМОВ,
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси