ҲАР БИР ФУҚАРО – КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШИ ЗАРУР

Коррупция жамиятни емирувчи иллат бўлиб, у ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ривожланишга, демократия асосларига ва қонун устуворлигига тўсқинлик қилади.
Коррупция сўзи – лотинча “пора бериб сотиб олиш” маъносини англатиб, мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланишни ифодаловчи сиёсий ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият тушунилади. Коррупция жиноят қонунчилигида ўзи мустақил жиноят таркиби бўлмай, балки бир қатор мансабга оид жиноятларни қамраб олувчи умумлашган тушунчадир.
Хусусан, унинг таркибига мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ҳокимият ҳаракатсизлиги, пора олиш, бериш ва бошқа бир қатор жиноятлар киради.
Таъкидлаш лозимки, коррупция, энг аввало, инсон ҳуқуқларини таъминлашга монелик қилиб, ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқаради. Эркин бозор иқтисодиётининг ривожланишига, ҳаёт даражасининг пасайишига олиб келади. Шу билан бир қаторда коррупция фуқароларнинг давлат бошқаруви идораларига бўлган ишончи йўқолишига олиб келиб, уюшган жиноятчиликнинг авж олишига замин яратади ва инсонларнинг хавфсизлигига таҳдид солади.
Яъни ҳар қандай салбий ҳолат сингари коррупция ҳам жамият ривожига тўсқинлик қилмоқда. Шу боиси мамлакатимизда коррупцияга қарши кексин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда. Жумладан, бунинг асоси сифатида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ”ги Фармоннинг қабул қилиниши, коррупцияга қарши кураш бўйича идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат Дастурининг тасдиқланиши мамлакатимизда коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чора–тадбирлар, вазифаларни амалга оширишни таъминлашга хизмат қилади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани эътирофга молик.
Таъкидлаш жоиз, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади. Давлатнинг конституциявий асосларини, қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.
Шу боис, коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди, коррупцияга қарши курашишда давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги талаб этилади.
Коррупция – тараққиёт кушандаси экан бунга қарши барчамиз курашиб, бу борада ўз хиссамизни қўшишимиз, буни ўзимизнинг хатти ҳаракатларимиз, билимимиз ва тарғибот қилишимиз, ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб фаолият юритишимиз лозим.
Шундай экан, ўзимизга хулоса қилишимиз, келажакни коррупциясиз биргаликда қуришимиз, бунинг учун аввало ўзимизни ўзимиз тарбия қилишимиз, коррупциянининг ҳар қандай кўришнишини бартараф қилиш учун биргаликда курашишимиз зарурдир. Қабул қилинган фармон ва қонун эса давлат ва жамият тараққиётига салбий таъсир этувчи мазкур иллатга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми сифатида хизмат қилади.
Хулоса сифатида айтиш лозимки, коррупцияга сезиларли зарба бериш учун, энг аввало, жамиятдаги барча фуқаролар ўз ҳуқуқ ва бурчларини билишлари билан бир қаторда, унга шахсан риоя қилиш ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилиш ҳамда мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан жамоат назоратини кучайтириш лозимдир.
НИГОРА ХАСАНОВА
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судья ёрдамчиси