ҚОНУН УСТУВОР БЎЛГАН ЖАМИЯТ – АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТДИР
Адолатли жамият қуриш деганда – жамиятда қонунлар сонининг кўплигини эмас, балки уларнинг самарали ишлашини йўлга қўйиш, энг асосийси қонунларни адолат манбаи ва мезони сифатида шакллантириш тушунилади.
Ўз-ўзидан маълумки, адолат, қонунийлик ва одил судлов тушунчалари бир-бири билан ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларни айрича ҳолда тасаввур қилиш мумкин эмас. Жамиятда қабул қилинаётган ҳар бир қонун авваламбор адолатли бўлиши лозимлиги каби, Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилаётган суднинг ҳар бир ҳукми ёки қарори ҳам шундай бўлиши шарт. Янги Конституциямизда бизнинг бош мақсадимиз – фақат ҳуқуқий демократик давлат қуриш эмас, балки адолатли жамият қуриш экани аниқ-равшан белгилаб берилган. Бу мақсад ҳаётимизда мустаҳкам қарор топган оддий ҳақиқатдан, яъни халқимиз ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди, деган сўзларни яққол тушунишдан келиб чиққан. Ана шу йўл билангина жамиятда коррупциянинг кенг томир отишининг олдини олиш мумкин.Қайд этишимиз лозимки, суд ҳокимияти коррупцияга қарши курашишда алоҳида ўрин тутади. Чунки, суд ҳокимияти ўзининг бир қанча муҳим белгилари билан давлат ҳокимиятининг бошқа тармоқларидан ажралиб туради. Шу белгиларни ҳисобга олганда, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа механизмларга нисбатан афзалликлари, шак-шубҳасиз, жуда муҳимдир.
Президентимиз томонидан суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган “назорат тартибида ишларни кўриш” амалиётидан воз кечиш ва судьянинг адолатли қарор қабул қилишга таъсир кўрсатувчи омиллардан бири – Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг суд қарорларига нисбатан протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифи ҳам илгари сурилди. Ўйлаймизки, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган таклифлар жамиятимизнинг ҳар бир аъзосида мутафаккир шоир Алишер Навоий таъкидлаганидек “Адолат ва қонунийлик – халқ ва мамлакат хотиржамлигининг асосидир” деган эзгу ният пайдо бўлишига хизмат қилади.
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида суд ҳокимияти ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси сифатида жамиятда ижтимоий адолатни ўрнатадиган, қонун устуворлигини таъминлайдиган, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган мустақил институтга айланди. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш йўли билангина жамиятда адолатни тўла қарор топтириш ва коррупцияга қарши самарали курашиш мумкин. Судьянинг мустақиллиги, холислиги, беғаразлиги, ҳалол ва поклиги, адолатлилиги, ҳар бир жамият учун ўта долзарб масала бўлиб келган ва ҳозирда ҳам шундай бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, биз тараққиётнинг янги босқичига оид қонунларни қабул қилиш билан чекланиб қолмасдан, шу вақтгача қабул қилинган қонун ва қарорларнинг салоҳият ва имкониятларини қайта таҳлил қилган ҳолда йўл қўйилган хато ва камчиликларимизни тўғирлаб, мавжуд қонунчлигимиздаги бошлиқларни тўлдириш борасида ҳам бир қатор ҳаётий ташаббусларни амалга ошириб келмоқдамиз.
Хулоса қилиб айтганда, халқимиз учун муносиб ҳаёт даражасини яратиб бериш, бугун халқимизнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ҳаётий ташаббусларнинг барчасининг замирида ўзида тўлақонли инсон ҳуқуқ ва манфаатларини акс эттирган Бош қомусимиз асос бўлмоқда. Шуни айтиш жоизки, келгуси фаолиятимизда ҳам тўлақонли Бош қомусимизда белгилаб берилган адолатли ҳамда инсонпарвар ғоя ва ташаббусларни ҳаётга кенг татбиқ этишни дастуриламал вазифамиз, деб биламиз. Чунки жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтириш борасидаги асосий вазифамиз – бу адолатли қонунлар қабул қилишдан иборат.
Дилором Алмуратова
Сурхондарё вилоят суди судьяси