ҚОНУН БЎЙИЧА МЕРОСГА БЎЛГАН ҲУҚУҚ ТЎҒРИСИДАГИ ГУВОҲНОМА ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИЛИБ, ВОЯГА ЕТМАГАН МЕРОСХЎРЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ

Даъвогар А.В жавобгарлар Б.А ва В.А ларга нисбатан қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномаларни ва автотранспорт воситасининг олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этган бўлиб, унда марҳум Г. билан оила қуриб 2021 йил 01 октябрь кунигача яъни унинг вафотига қадар яшаганлигини, ушбу ҳолат МФЙнинг далолатномаси билан ҳам тасдиқланишлигини, марҳум Г. билан ўрталарида икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини ҳамда уларга марҳум Г. нинг оталиги белгиланганлигини, нотариус томонидан қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ва қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага қўшимча гувоҳномани бериш вақтида унинг фарзандлари ворисликка чақирмаганлиги ва уларнинг мерос улуши ҳисобга олмаганлигини, ушбу меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномаларга асосан жавобгар Б. мерос мулк ҳисобланган юк автомашинасини жавобгар В. га нотариал тасдиқланган автотранспорт воситасини олди-сотди шартномасига асосан сотиб юборганлигини, шу сабабли қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ва қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага қўшимча гувоҳномани ҳамда автотранспорт воситасини олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Мазкур даъво аризаси бўйича қўзғатилган фуқаролик иши судда кўрилиб, даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантирилди.

Ишда тўпланган ҳужжатларга кўра, Б. ва Г.  1998 йилда қонуний никохдан ўтган ҳолда турмуш қуришган. Уларнинг биргаликдаги турмушларидан икки нафар фарзандлари бор.

Даъвогар А. нинг икки нафар фарзандлари бўлиб, уларга марҳум                   Г. нинг оталиги белгиланган. Бу ҳақда ФҲДЁ бўлими томонидан маълумотномалар тақдим этилган.

ФҲДЁ бўлими томонидан берилган ўлим гувоҳномасига кўра, Г. 2021 йилда вафот этган.

Ишдаги ҳужжатларга қараганда, марҳум Г. номига 2016 йилда берилган транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасига асосан тегишли бўлган ISUZU  русумли, 2016 йилда ишлаб чиқарилган автотранспорт воситаси рўйхатга олинган.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан 2021 йилда вафот этган марҳум Г.га тегишли мол-мулкларнинг меросхўри сифатида 2022 йилда Б. га қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилган.

Ушбу мерос гувоҳномасига кўра Б. автотранспорт воситасига мерос ҳуқуқини олган. 

Марҳум Г. номига Янгиҳаёт тумани, Янги турмуш МФЙ да жойлашган уй-жой рўйхатга олинган.    

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан 2021 йилда вафот этган марҳум Г.га тегишли мол-мулкларнинг меросхўри сифатида 2022 йилда Б.га илгари берилган меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага қўшимча равишда гувоҳнома бериш ҳақидаги аризасига асосан қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага қўшимча меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома  берилган.

Ушбу мерос гувоҳномасига кўра Б. Янгиҳаёт тумани, Янги турмуш МФЙ да жойлашган уй-жойга мерос ҳуқуқини олган.

Қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномаларни расмийлаштиришда туман ФҲДЁ бўлими томонидан берилган маълумотнома ҳамда МФЙ томонидан берилган Форма-04 шаклидаги маълумотномаси асос қилиб олинган.

Мазкур маълумотномаларда марҳум Г.нинг оила аъзолари сифатида Б. ва икки нафар фарзанди кўрсатилган бўлиб, бошқа меросхўр йўқ эканлиги қайд этилган, даъвогар А. нинг фарзандларининг исм фамилияси кўрсатиб ўтилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1118-моддаси
1-қисмига кўра, мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Шунингдек, ушбу Кодекснинг 1135-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.

Нотариус томонидан қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳамда қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага қўшимча меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беришда биринчи навбатдаги меросхўрлар ҳисобланган даъвогар А.нинг икки нафар фарзандларининг улушини ажратмасдан хатоликка йўл қўйган ва бунинг оқибатида вояга етмаганларнинг биринчи навбатдаги меросхўр сифатидаги ҳуқуқи ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 12-моддасида “Давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин” деб белгиланган.Суд қонун ҳужжатлари нормалари ва ишдаги аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, даъвогар А.нинг икки нафар вояга етмаган фарзандларининг ҳам марҳум Г.нинг мерос мулкларда улушлари борлигини ҳисобга олиб даъво талабларини қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Бахтиёр Мустафаев

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси