ҚОНУНЧИЛИКДА ЁПИҚ СУД МАЖЛИСИ МАЪЛУМОТЛАРИНИ ОШКОР ҚИЛГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК БEЛГИЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Конститутсиясига асосан инсон, унинг шаъни, қадр-қиммати даҳлсиз бўлиб, Қонун билан ҳимоя қилинади. Миллий қонунчилигимизда фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини бузиш ҳамда шахсга доир маълумотлардан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 26 сентябрдаги ЎРҚ-1084-сонли Қонуни ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги, шахсий ҳамда оилавий сири, шаъни ва қадр-қиммати ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бирига айланди.

Ушбу қонун билан суд ишларини юритишни тартибга солувчи процессуал кодексларга айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, ёпиқ суд мажлисларида кўриладиган ишлар бўйича унда иштирок этувчи шахслар томонидан ишга доир маълумотларни ва тафсилотларни ошкор қилмаслик мажбуриятини юклатувчи нормалар акс эттирилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 239-моддаси номи ва диспозицияси янги таҳрирда баён этилиб, суриштирув ёки дастлабки тергов маʼлумотларини суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг рухсатисиз, шунингдек ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик мажбурияти ўз зиммасига юклатилган шахс томонидан уларни ошкор қилиш учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма белгиланди.

Шунингдек, Жиноят, Фуқаролик, Иқтисодий процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, суриштирув, дастлабки тергов ҳамда суд мажлиси маълумотларини ва тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик тўғрисида суд мажлиси иштирокчиларини огоҳлантириш, мазкур қоидани бузганлик учун жиноий жавобгарлик мавжудлиги тўғрисида уларни огоҳлантирилиши кўрсатилган тилхат олиш тартиби белгиланди.

Ушбу қонун келгусида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга, шунингдек ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотлари ҳамда тафсилотлари ошкор этилишининг олдини олишга хизмат қилади.

ДИЛМУРОД ЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси