Қонунчиликда киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар.

Ярашганлик муносабати билан жазодан озод қилиш амалиёти 
2001 йилда жиноят кодексига 661-модда сифатида киритилган эди.
Бу институт амалиётда ўзини оқлади ва бугунги кунда ҳам самарали фойдаланиб келинмоқда. Ярашганлик институти жорий қилиниши туфайли жуда кўп фуқаролар жиноий жавобгарликдан озод қилинди ва ҳозирда ҳам озод қилинмоқда.

Шу билан бирга билиб-билмай жиноят содир қилган фуқаролар қонунчиликдаги бу имкониятдан оқилона фойдаланиб, қилмишидан пушаймон бўлиб, ўзаро ярашиб, тўғри хулоса чиқармоқда.

Бу борада суд статистикаси маълумотлари ҳамда ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиётини ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, жиноят қонунчилигига ушбу институтнинг киритилиши жиноий ҳуқуқий муносабатларни эркинлаштиришда самарали восита бўлди. Ушбу институт жабрланувчининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, республикада судланганлик ҳолатини камайтириш, жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг кенгроқ қўлланилишига имкон яратди.

Ярашув институти жиноий жавобгарликдан озод қилиш тури сифатида шахснинг айбдорлиги масаласини ҳал этмай туриб жиноят ишларини тугатиш учун асос бўлади. Синовдан ижобий ўтган мазкур амалиёт эндиликда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишларга қўлланилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати жорий йилнинг
30 сентябрь кунида ўтказган ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун маъқулланди.

Унга кўра, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-720-сонли қонун 2021 йил 4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди. Мазкур қонунга асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 212-модда билан тўлдирилди.

Мазкур модда ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш деб номланиб, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексидаги жами 12 та модда ярашув институтига тушиши кўрсатилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40-моддасида (туҳмат), 41-моддасида (ҳақорат қилиш), 45-моддасида (фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 46-моддасида (фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш), 461-моддасида (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш), 52-моддасида (енгил тан жароҳати етказиш),
612– моддасида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) ва шунга ўхшаш маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши қайд этилган.

Илгари тарафлар ярашган, ўзаро келишган, зарарлар қопланиб, ўртада адоват қолмаган ҳолатларда ҳам суд маъмурий жазога тортишга мажбур эди.

Эндиликда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 4 октябрь кунидаги ЎРҚ-720-сонли Қонуни билан “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар”га кўра, юқоридаги кўрсатилган моддалар бўйича ҳуқуқбузар ўз айбига иқрор бўлиб, жабрланувчи билан ярашиб, етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

Амалиётда қўлланилаётган бу каби ўзгаришлар судьялар олдига ҳам улкан вазифаларни ошириш, маҳорат сирларини тинмай ўқиб, ўзлаштириш талабини қўймоқда. Инсон тақдирига масъул бўлган касбу-кор эгаларига доимо шундай талаб қўйилган.

Аблқосим Рузиқулов

Сурхондарё вилоят суди раиси.

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти