ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЎЗГАРИШЛАР
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт.
Суд ҳужжатини ижро этмаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2022 йил 11 апрелдаги ЎРҚ-762-сонли Қонуни 2022 йил 12 апрелдан кучга кирган бўлиб, мазкур қонунга кўра, бир нечта Кодексларга ўзгартиришлар киритилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси қуйидаги тартибда 232-1-моддаси билан тўлдирилди.
«2321-модда. Суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига аралашиш
Суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига аралашиш, яъни ижро ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилишни ёки давлат ижрочисига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказишни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттириш, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмишлар мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».
2022 йил 11 апрелдаги ЎРҚ-762-сонли Қонунига Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1982-моддаси амалда қуйидаги таҳрирда баён этилган.
1982-модда. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик, яъни қарздорнинг даромадлари ва мулкий аҳволи ҳақида нотўғри маълумотлар берганлик, ижро ҳужжатини йўқотганлик, ундирувни қарздорнинг иш ҳақидан ҳамда унга тенглаштирилган тўловлардан ушлаб қолиш учун юборилган ижро ҳужжатларини ижро этиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва уларни сақлаш тартибини бузганлик, шунингдек қарздор ўзининг янги иш, ўқиш жойи, пенсия ва бошқа даромадлар олиш жойи ҳақида маълум қилмаганлиги, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Мухтасар қилиб айтганда, юқоридаги қонуннинг қабул қилиниши суд қарорларнинг ижро этилиши жараёнида жисмоний ёки юридик шахслар зиммасига пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни ўзга шахсларга бериш ёхуд улар фойдасига муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларни амалга оширишдан ўзини тийиш мажбуриятини юклаш каби муносабатларни тартибга солишда масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Ш.Элиев
Сурхондарё вилоят суди судьяси