Қонунчиликдаги янгиликлар: Кредит низоларига нисбатан замонавий ёндашувлар

Мамлакатимизда банк соҳасини ривожлантириш, фуқароларга банк хизматларидан фойдаланишда янада қулайликлар яратиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда банк хизматларига бўлган эҳтиёжнинг ўсиши бараварида кредит битимларига оид низолар ва уларнинг турлари ҳам кўпайиб бормоқда. Айниқса яқин вақтлар оралиғида фирибгарлик ёки ҳужжатларни сохталаштириш йўллари билан ўзга шахсларнинг номига кредит маблағлари олишга эришиш ва уни ўз эҳтиёжлари йўлида сарф этиш ҳолатларига жуда кўп маротаба дуч келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Марказий банк томонидан 2026 йил 21 январь кунида қабул қилинган “Кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизими операторлари томонидан жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда фрод ҳолатларининг олдини олиш бўйича минимал талаблар тўғрисида”ги Низом қабул қилиниши юқоридаги каби ҳолатлардан жабрланган шахсларга қонуний ёрдам кўсатишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бирига айланди.

Унга кўра, кредит ташкилоти фрод ҳолати натижасида номига онлайн кредит расмийлаштирилган фуқарога у суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажримига асосан жабрланувчи деб эътироф этилганда, мазкур онлайн кредит ва у билан боғлиқ фоизларни ҳисоблашни ҳамда ундан ундиришни тўхтатади.

Кредит ташкилоти эса ўз навбатида онлайн кредит ажратишда фрод ҳолатини содир этган шахсдан етказилган моддий зарарни регресс тартибида ундириш ҳуқуқига, агар фрод ҳолатига шубҳа қилган тақдирида эса қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агар суриштирув, дастлабки тергов натижалари ёки суднинг қарорига асосан фрод ҳолати юз бермаганлиги аниқланса кредит ташкилоти кредит ташкилоти онлайн кредит ва у билан боғлиқ фоизларни ҳисоблашни ҳамда ундиришни давом эттиради.

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат жиноят оқибатида зарар кўрган жабрланувчи ҳамда кредиторларнинг ўз ҳуқуқларини тиклашга бўлган ишончини ошириш билан бир қаторда, кредит ташкилотларидан онлайн тарзда кредитлар ажратиш тизимини ва шахсни идентификация қилиш жараёнини такомиллаштириш бўйича замонавий чора-тадбирлар амалга оширишни ҳам талаб қилади.

ДИЛМУРОД ЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси