ҚОНУНИЙ КУЧГА КИРГАН СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ЯНГИ ОЧИЛГАН ҲОЛАТЛАР БЎЙИЧА ҚАЙТА КЎРИШ
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 328-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисида ариза фақат ишда иштирок этувчи шахслар томонидан берилиши мумкин. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқий ворислари, шунингдек, суд жаримаси солинган шахслар ҳам шундай ҳуқуққа эгадир. Ишда иштирок этувчи прокурор ишда иштирок этувчи шахс ҳисобланганлиги боис, у ҳам ўзи иштирок этган иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахслар, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахлдор суд ҳужжатлари қабул қилинган тақдирда, шу асосда қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза беришга ҳақли эмас, бундай ҳолатда улар фақат суд ҳужжатлари устидан апелляция, кассация тартибида шикоят бериши мумкин.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган иқтисодий судга, агар суд ҳужжати апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан ўзгартирилган ёки бекор қилинган ҳамда янги суд ҳужжати қабул қилинган бўлса, ариза иқтисодий суднинг суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган инстанциясига берилади.
Иқтисодий процессуал кодекси 328-моддасининг биринчи-учинчи қисмлари, шунингдек 329-моддаси талабларига риоя этилган ҳолда берилган қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза ишни кўриш жойи ва вақти кўрсатилган ажрим чиқариш йўли билан иш юритишга қабул қилинади. ИПК 328-моддасининг биринчи қисмида белгиланган ариза беришнинг бир ойлик муддати процессуал муддат бўлиб, агар ариза қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, ушбу муддат тикланиши мумкин.
Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани қабул қилишда, аризада янги очилган ҳолатларнинг мавжудлигини тасдиқловчи асослар мавжуд бўлиши лозим. Аризага зарурий бўлган далиллар, хусусан, кўрсатилган ҳолатлар санасини аниқлаш имконини берувчи ҳужжатлар илова қилиниши керак. Бундай ҳолатларнинг аниқланганлик куни бўлиб, шу ҳолатларнинг аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлган кун ҳисобланади. Агар янги очилган ҳолатлар ҳукм, суднинг ҳал қилув қарори, бошқа органнинг қарори билан боғлиқ бўлса, унда янги очилган ҳолат суд ҳужжатларини қабул қилиш учун асос бўлган ҳолатга мазмунан қарама-қарши ҳужжатларнинг қонуний кучга кирган куни ёки ҳукм, ҳал қилув қарори ва қарорнинг қонуний кучга кирганлиги аризачига маълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлган кун шу ҳолат аниқланган кун ҳисобланади.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани иқтисодий суд у келиб тушган кундан бошлаб бир ойлик муддатда суд мажлисида кўриб чиқади. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза юзасидан биринчи суд мажлиси аризани иш юритишга қабул қилиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай ўтказилиши лозим.
Аризачи ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда тартибда хабардор қилинади.
Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ариза билан мурожаат этган шахс аризасидан воз кечиши мумкин.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган ажрим устидан умумий тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан кассация шикояти (протест) берилиши мумкин. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган кассация инстанцияси судининг ажрими устидан такроран кассация инстанцияси судида кўриб чиқиш ҳақида протест келтириш тўғрисида ариза берилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 333-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ, ҳужжати янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилинган тақдирда, илгари ўзи қабул қилган суд ҳужжатини бекор қилган суднинг ўзи ишни белгиланган умумий тартибда кўради. Бундай ҳолатда ишни кўришда биринчи, апелляция, кассация инстанциялари судида иш юритишни тартибга соладиган қоидалари қўлланилади.
Иш апелляция ёки кассация инстанциялари юритувида бўлган вақтда янги очилган ҳолат бўйича ишни қайта кўриб чиқиш ҳақида ариза келиб тушса, бу инстанциялар аризаларни кўриб чиқишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш натижалари олингунга қадар тўхтатиб турадилар ва ишни суд ҳужжатини қайта кўриш ҳақида ариза тушган иқтисодий судга юборадилар.
Амалдаги қонунчиликка биноан суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш ҳақидаги ариза, шунингдек аризани қайтариш ёки қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ажримлар устидан бериладиган шикоятларга давлат божи тўланмайди, почта харажатлари ҳамда суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлари бундан мустасно.
Шукрулло Ғозиев
Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси