ҚИЛМИШ УЧУН ЖАЗО МУҚАРРАРЛИГИ ТАЪМИНЛАНДИ

Ангор туманининг 3-сектор штаби биносида ўтказилган сайёр суд мажлисида оилавий жанжаллар, қариндошлар ва қўшнилар орасидаги низолар бўйича ишлар ҳам кўрилиб, уларга ҳуқуқий тушунтириш берилгандан сўнг, улар ўз қилмишларини оқибатини тушуниб етиб, бир-биридан кечирим сўраб ярашдилар. Қариндошлар ва қўшнилар орасида меҳр оқибат муносабатлари тикланди, айрим айбдор шахсларга қилмишига яраша жазо тайинлади.

Хусусан, Азамат Исмоилов (исм шарифи ўзгаритирилган) 2024 йил 9 август куни соат 20:50 ларда бошқарувида бўлган давлат рақамсиз “Электромуравей” транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмасдан туриб, Ангор тумани ҳудудида бошқариб кетаётганида, йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан назорат тартибида тўхтатиб текширилганда, транспорт воситасини спиртли ичимлик ичиб маст ҳолда бошқариб келаётганлиги аниқланиб, маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ҳуқуқбузар Азамат Исмоилов суд мажлисида, айбига иқрорлик билдириб, у 2024 йил 9 август куни соат 20:50 ларда, ўзининг бошқарувидаги давлат рақамсиз “Электромуравей” транспорт воситасини Ангор тумани, Новшаҳар маҳалласи ҳудудида бошқариб келаётганлигини, йўл-патруль хизмати инспектори томонидан тўхтатилганлигини, йўл-патруль хизмати инспектори уни спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганликда гумон қилганлиги, текширувдан ўтказишганлиги, сўнг, тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилганлиги, қилмишининг оқибатини англаб етганлиги, қилмишидан пушаймонлигини, оилавий шароити оғирлигини, ўзи кунлик ишда ишлаб оила боқиши, қарамоғида 3 нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги бу ҳолатни такрорламасликка ваъда беришини баён этиб, суддан ўзига нисбатан қонуний енгиллик берилишини сўради.

Суд ҳуқуқбузар Азамат Исмоиловга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддаси 2-қисми билан маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Ҳуқуқбузар ҳеч қаерга ишламай, кунлик ишда ишлаб, рўзғор тебратиб турган бўлса-да, спиртли ичимлик ичиб транспорт воситасини бошқарганлиги уни бир неча кун қамоқда сақланишига олиб келди, натижада унинг қарамоғида бўлган вояга етмаган фарзандларини ҳам моддий таъминотидан вақтинча маҳрум қилди ҳамда қанчадан қанча йўловчиларнинг ҳаётига, мол-мулкига хавф туғдирди.  

Спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда автомашинани бошқарган ҳуқуқбузарлик учун қонунда ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, жарима жазоси назарда тутилганлиги, бу каби қилмишлар жамият ва инсон ҳаёти учун жуда хавфли эканлиги, бундай ҳуқуқбузарликларни олдини олиш учун ҳар бир шахс муросасиз курашиш лозимлиги тушунтирилиб, фуқаролар иштирокидаги суд мажлисида ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Сайёр суд мажлисида ўтказилган тарғибот ишлари, иштирок этган шахсларга тарбиявий таъсир кўрсатди деган умиддамиз.

ХАДИЧА РАХИМОВА,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди судьяси