ҚАРЗНИ ЎЗ ВАҚТИДА ҚАЙТАРМАСЛИК ОҚИБАТИ

Қарз олувчининг пул ва турга хос аломатлари билан белгиланадиган бошқа ашёлардан фойдаланиши фақатгина уларни истеъмол қилиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.

Қарз шартномаси шартига кўра, қийматга эга олинган нарса шартномада кўрсатилган вақтда қайтарилиши лозим. Борди-ю, қайтариш муддати шартномада кўрсатилмаган бўлса, қарз қарзни берувчи талаб қилган вақтда қайтарилиши керак.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман судига даъвогар Жума Тешаев (исми, шарифлари ўзгартирилган) даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Олим Адашев 2022 йил 10 февраль куни қарз сўраганлиги, унга 300 АҚШ доллари миқдорида қарз берганлиги, қарзни 2022 йил 10 март кунида ҳар ойда 450.000 сўмдан фоизи билан қайтариб бериши ҳақида келишишганлиги, бу ҳақида тилхат ёзиб берганлиги, ушбу қарзни ва фоизини хозирги кунга қадар қайтариб бермаганлигини кўрсатиб, 300 АҚШ доллари миқдоридаги қарзни фоизи билан ундириб беришни сўраган.

Аниқланишича, 2022 йил 10 февралда жавобгар Олим Адашев даъвогар Жума Тешаевдан 300 АҚШ доллари миқдорида қарз олган, ҳар ойда 450.000 сўмдан фоизи билан қайтариб бериши ҳақида келишган, Олим Адашев 2022 йил 10 февралда ёзган тилхатида қарзини 2022 йил 10 мартда фоизи билан қайтаришини қайд этган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.

Жавобгар Олим Адашев томонидан ёзилган тилхат қарз шартномасининг тузилганлигидан далолат беради.

Шу каби, Фуқаролик Кодексининг 735-моддасига кўра, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт. Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.

Жавобгар Олим Адашев олган қарзини даъвогар Жума Тешаевга белгиланган муддатда қайтармаган.

Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман судининг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгар Олим Адашевнинг ҳисобидан даъвогар Жума Тешаевнинг фойдасига 300 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қийматини ва қарз фоизини ундириш белгиланиб, даъвогар Жума Тешаевнинг ҳуқуқлари тикланди.

Қарз олувчи қайтариши лозим бўлган қарзни борди-ю, белгиланган муддатда қайтармаслик оқибатида фуқаролар ўртасида низо келиб чиққанлиги сабабли фуқароларнинг ҳуқуқлари судлар томонидан тикланмоқда. Зеро, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш одил судловнинг асосий мезони ҳисобланади.

Лочин Усаров

Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман суди раиси