ҚАЙТАРМА ИЖРО БУ НИМА?

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг 458-моддасида қайтарма ижро тушунчаси таъриф берилган. Унга кўра, ижро этилган суд ҳужжати ўзгартирилган ёки бекор қилинган ва иш янгидан кўриб чиқилганидан кейин талабларни қаноатлантиришни тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган ёки иш юритишни тугатиш тўғрисида ёхуд аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилган тақдирда, ўзгартирилган ёки бекор қилинган суд ҳужжати бўйича жавобгардан даъвогарнинг фойдасига ундирилган нарсаларнинг барчаси жавобгарга қайтариб берилиши керак (ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси).
Агар ижро этилмаган суд ҳужжати бекор қилинган ёки ўзгартирилган бўлса ва даъвони тўлиқ ёхуд қисман рад этиш тўғрисида янги суд ҳужжати қабул қилинган бўлса ёки ишни юритиш тугатилган ёки даъво кўрмасдан қолдирилган бўлса, суд суд ҳужжатининг бекор қилинган ёхуд ўзгартирилган тегишли қисми бўйича ундиришни тўлиқ ёки қисман тугатиш тўғрисидаги суд ҳужжатини қабул қилади.
Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала биринчи инстанция суди, апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси суди томонидан ҳал қилиниши тартиби қуйидагича.
Яъни, иш янгидан кўриш учун ўзига топширилган суд ўз ташаббуси билан қайтарма ижро тўғрисидаги масалани кўриши ва уни янги суд ҳужжатида ёки ажримида ҳал қилиши шарт бўлиб, шу билан иш юритиш тамомланади.
Ишни янгидан кўраётган суд бекор қилинган суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилмаган тақдирда, жавобгар бу судга қайтарма ижро тўғрисида ариза беришга ҳақли. Бу ариза ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда, суд мажлисида кўрилади. Бироқ бу шахсларнинг келмаганлиги суд олдига қўйилган масаланинг ҳал этилиши учун тўсқинлик қилмайди.
Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза давлат божи тўланмаган ҳолда умумий даъво муддати ичида берилиши мумкин.
Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд томонидан кўрилади.
Аризага илгари қабул қилинган суд ҳужжатининг ижросини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала бўйича суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.
Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда, суд ундирилган пул маблағларини, мол-мулкни ёки унинг қийматини қайтариш учун ижро варақаси беради.
Апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси суди ҳуқуқ тўғрисидаги низони узил-кесил ҳал қилса ёки иш юритишни тамомласа, суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилиши ёхуд уни ҳал қилиш учун биринчи инстанция судига топшириши шарт.
Агар юқори турувчи суднинг ажримида суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала бўйича ҳеч қандай кўрсатма бўлмаса, жавобгар биринчи инстанция судига тегишли ариза беришга ҳақли. Биринчи инстанция суди бу аризани ушбу Кодекснинг 459-моддаси қоидаларига биноан кўриб чиқади ва ҳал қилади.
Меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича пул суммаларини ундириш тўғрисидаги, интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун ҳақ ундириш ҳақидаги, алиментлар ундириш тўғрисидаги, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлик, шунингдек боқувчининг вафот этиши натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги ишлар бўйича суд ҳужжатлари бекор қилинган тақдирда, агар бекор қилинган суд ҳужжати даъвогар берган сохта маълумотларга ёхуд у тақдим этган қалбаки ҳужжатларга асосланган бўлса, суд ҳужжатининг қайтарма ижросига йўл қўйилади.
Таъкидлаш жоизки, иш янгидан кўриш учун ўзига топширилган суд ўз ташаббуси билан қайтарма ижро тўғрисидаги масалани кўриши ва уни янги суд ҳужжатида ёки ажримида ҳал қилиши шарт бўлиб, шу билан иш юритиш тамомланади. Шунингдек, апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси суди ҳуқуқ тўғрисидаги низони узил-кесил ҳал қилса ёки иш юритишни тамомласа, суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилиши ёхуд уни ҳал қилиш учун биринчи инстанция судига топшириши шартдир.
БЕХРУЗ АВАЗОВ,
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси