ЎҚОТАР ОВ ҚУРОЛИНИ САҚЛАБ КЕЛГАН ШАХСГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддасида ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Музработлик Аннарўзи Маллаевнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) отаси илгари овчилик фаолияти билан шуғулланган вақтида «ИЖ-58» русумли Я-2542 рақамли 16 мм калибирли ўқотар ов қуроли бўларди. Ушбу ов қуролидан тегишли тартибда рухсатнома олган ҳолда фойдаланган. Аммо ота 1980 йилда вафот этади. Отанинг вафотидан сўнг Аннарўзи ушбу ўқотар ов қуролини ўз номига ҳужжатлаштириб, тегишли лицензия ва рухсатнома олиш ёки ҳуқуқтартибот идора вакилларига топшири керак эди.

Аксинча, у шу кунга қадар яшаш хонанинг ичидаги темир сейфда 1961 йилда Ижевск қурол-яроқ ишлаб чиқарувчи заводида ишлаб чиқарилган бир дона ушбу ўқотар ов қуролини тегишли лицензиясиз ва рухсатномасиз қонунга хилоф равишда сақлаб келган. Буни пайқаган тезкор-қидирув орган ходимлари 2025 йил 08 ноябрь куни Аннарўзидан қўотар ов қуролини тегишли тартибда расмийлаштириб олади.

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси эксперт-криминалистика маркази мутахасисларининг хулосасига кўра, Аннарўзи Маллаевдан ашёвий далил сифатида олинган ов қуроли 1961 йилда собиқ СССР нинг Ижевский қурол-яроқ ишлаб чиқарувчи заводида ишлаб чиқарилганлиги, ашёвий далил сифатида олинган 1 (бир) дона «ИЖ-58» русумли Я-2542 рақамли16 мм калибирли ов қуроли бўлиб, ушбу қурол ўт очиш яроқли бўлган ов қуроллари туркумига киришлиги аниқланган.

Аниқланган ҳолат бўйича  Аннарўзи Маллаевга жиноий иш қўзғатилди, судда у айбга тўлиқ иқрорлигини билдириб, отасидан қолган ов қуроли эски бўлганлиги сабабли ов қуролидан анча йиллар олдин бир маротаба фойдаланганлиги, шундан сўнг ушбу қуролдан фойдаланмасдан ўзи турадиган хонадаги темир сейфда сақлаб келганлигини, ов қуролини ҳужжатлари йўқлигини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирди.

Суд унинг содир этган жиноятини ижтимоий хавфлилик даражасини, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларини ҳуқуқий баҳолаб, қилмишига мос жазо тайинлади.

Хулоса қилиб айтганда, бу жиноят ишини баён этишдан мақсад – ҳаётда ҳар бир жиноий қилмиш жазосиз қолмаслигини таъкидлашдир.

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси