ЎРГАНГАН КЎНГИЛ – ЎРТАНСА ҚЎЙМАС
Фирибгарлик – алдаш, инсоннинг ишончини суиистеъмол қилиш эвазига амалга ошириладиган тубан жиноятлардан ҳисобланади. Бу одамлар ўртасида, компаниялар ўртасида рўй бериши мумкин бўлган хавфли жиноятдир. Ташқи муҳитдан югурик сув мисоли оқиб кирадиган минг бир иллатлар тури борки, уларнинг лоақал биттаси ҳам инсон руҳиятида қолиб кетса, унинг ҳаёт тарзи давомида у чуқур илдиз отиб ўрнашиб олиб, жиноят содир этиш кўчасига киришга йўллайди.
Жорий йилнинг апрель ойида Р.Фарходов К.Равшанов (исм шарифлар ўзгартирилган) билан танишиб қолади. Р.Фарходов ўзининг қабих режасини амалга ошириш мақсадида К.Равшановнинг уйига боради. У гўёки ўзини чорва молларининг олди-сотдиси билан шуғулланишини айтиб, унинг 4 бош қора молини 41.000.000 сумга келишиб ва пулларни 1 ой муддат ичида беришни ваъда қилиб К.Рнинг молларини олиб кетади. Аммо айтилган муддат тугагач, Р.Фарходовдан ҳам ваъда қилинган пуллардан ҳам дарак бўлмайди.
Бундан ташқари, Р.Фарходов ўзининг содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликка тортилмай қолганлигидан фойдаланиб
2022 йилнинг май ойида Ангор туман «Юқори Таллашқон» маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Тўрабоев билан танишиб қолиб, гўёки чорва моллари олди-сотдиси билан шуғулланишини айтиб, Т.Тўрабоев ва унинг шериги Ангор тумани «Юқори Хўжақия» маҳалласида яшовчи фуқаро Ғ.Эргашевга тегишли бўлган 23 бош қўйларини 36. 800.000 сўмга насия шарти асосида сотиб олади ва 16.800.000 сўм миқдоридаги қисмини бериб, қолган 20.000.000 сўм миқдоридаги қисмини 7 кун муддат ичида беришини ваъда қилиб, айтилган муддат келганда мазкур пулларни Т.Тўрабоев ҳамда Ғ.Эргашевларга бермасдан пулларни ўзининг шахсий ҳаражатларига ишлатиб юбориб, қасддан фирибгарлик жиноятини содир этган.
Мазкур жиноят иши тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди томонидан кўриб чиқилиб, судланувчи Р.Фарходовга нисбатан жазо тайинлашда суд, унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жиноят оқибатида етказилган зарар қопланганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб, жиноятни ғараз ниятда содир этганлиги жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолади.
Судланувчи Р.Фарходовга яна бир бор имкон берилиб, унга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Шу ўринда, боболаримизнинг “нима эксанг шуни ўрасан” деган мақоллари нақадар тўғри эканлиги яна бир бор исботини топади.
Б.Чаршанбиев
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди девонхона мудири