ЎЗ ЯШАШ ХОНАДОНИНИ ФОХИШАХОНАГА АЙЛАНТИРГАН АЁЛ

Ангор туманида яшовчи Сунбула Тулаева (исм-фамилялар ўзгартирилган) текин даромад олиш мақсадида ўз хонадонида фоҳишахона ташкил этиб, жорий йилнинг январь ойида ушбу туманда яшовчи Гулбой исмли эркак ҳамда Салима исмли аёлни ўзининг яшаш хонадонига киритиб, уларга жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб, бунинг эвазига Гулбойдан 200.000 сўм миқдорда пул сўрайди. Йигит эса шу заҳотиёқ айтилган пулни беради ва улар шу ерда ўз ниятларини амалга ошириб бўлгандан сўнг, Сунбула Тулаева хонадонига ички ишлар органи ходимлари кириб келишиб, тезкор тадбир ўтказилаётганини маълум қилишади.

Ўтказилган тезкор тадбирда С.Тулаевадан 200.000 сўм пуллар холислар иштирокида ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб, дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилади.

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судида ўтказилган суд мажлисида судланувчи Сунбула Тулаева айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан оила аъзоларининг хабари йўқлигини, содир этган жиноятидан пушаймонлигини билдириб, суддан қонуний енгиллик беришни сўради.

Суд судлавувчига нисбатан қилган жиноят ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, унинг аёллигини инобатга олиб ва оилавий шароитидан келиб чиқиб, қилган жиноят учун тегишли жазо чорасини тайинлади.

Хулоса қилиб айтганда, адашганларга йўл кўрсатиб, уларга меҳр қўлини чўзиш халқимизга хос фазилатдир. Бироқ, шуни унутмаслик керакки, жиноят жазосиз қолмайди.

Суюн Бўтаев

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси