ЎЗ ФАРЗАНДЛАРИ ОЛДИДАГИ БУРЧИНИ УНУТГАН ОТА

очерк
Биламизки, оила бу – жамиятнинг муқаддас таянчи, инсоний қадриятлар бешигидир. Афсуски, айрим ҳолларда бу муқаддас даргоҳга нисбатан бепарволик, масъулиятсизлик кузатилаётган ҳолатлар эса ачинарли. Энг аянчлиси, оилавий ажримдан сўнг вояга етмаган фарзандлар тақдирига бефарқ қараб, уларнинг қонуний моддий таъминотидан бўйин товлаётган ота-оналар ҳам учрамоқда.
Фикримизни ана шундай бир ҳолатга қаратсак.
Шеробод туманида яшовчи Алишер Сатторов (исм-фамилияси ўзгартирилган) шулар жумласидандир. У турмуш ўртоғи билан ажрашганидан сўнг, 2023 йил июнь ойида чиқарилган суд буйруғига асосан икки нафар вояга етмаган фарзандини алимент билан таъминлаши шарт эди. Бироқ, ота ўз фарзандлари олдидаги бурчини унутиб, суд қарори талабларини қасддан бажармасдан келган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Шеробод туман бўлими давлат ижрочилари томонидан тегишли маъмурий баённома расмийлаштирилади ва иш суд органларига юборилади. Очиқ суд мажлисида мазкур ҳолат атрофлича кўриб чиқилиб, қарздор ота қарийб 30 миллион сўм алимент қарздорлигини тўлашдан бўйин товлагани учун унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Қайд этиш жоизки, Алишер Сатторов қонун олдида сўнгги марта огоҳлантирилди. Агар у бу жазодан тегишли хулоса чиқармай, алимент тўлаш мажбуриятини бажаришдан бош тортишда давом этса, келгусида унга нисбатан жиноий жавобгарлик масаласи қўзғатилиши мумкинлиги қатъий равишда тушунтирилди.
Фарзанд – омонат. Унинг тақдирига бепарво қараш эса нафақат қонунга, балки инсонликка ҳам зиддир.
МАНСУР АБДУРАХМАНОВ,
Сурхондарё вилоят суди судьяси






