Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги “Корруцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-81-сонли Қарори мазмун-моҳияти
Мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида коррупцияга қарши курашиш, уни келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳолаш механизмлари мавжуд эмаслиги соҳада амалга оширилаётган тадбирларга ягона мезон асосида холисона баҳо бериш ва уларнинг натижадорлигини янада оширишга тўсқинлик қилмоқда.
Ушбу қарорда давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятига оид самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ва уларни илғор халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимини жорий этиш назарда тутилган.
Қарорга кўра Коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш, баҳолаш ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади.
Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш қуйидаги бешта йўналиш бўйича белгиланган индикаторлар асосида амалга оширилиши белгиланди:
1.давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги ҳамда амалиётга татбиқ этилганлиги;
2.коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилганлиги;
3.давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги;
4.ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилганлиги;
5.коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги.
2022 йил 1 февралдан бошлаб рейтинг баҳолаш тизими, эксперимент тариқасида, ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган давлат ташкилотлари фаолиятига;
2022 йил 1 июлдан бошлаб эксперимент натижаларини инобатга олган ҳолда рейтинг баҳолаш тизими барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий этилади.
Рейтинг баҳолаш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан «E-Anticor.uz» электрон платформаси орқали ташкил этилади.
Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, фаолият самарадорлиги «яхши», «қониқарли» ва «қониқарсиз» тоифаларга ажратилади.
Рейтинг баҳолаш натижалари электрон платформада ҳисоблаб чиқилади ва ҳар йили 1 мартга қадар кенг жамоатчилик учун оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилади.
Ҳар йили олдинги йилнинг 1 январидан баҳоланиш ўтказилаётган йилнинг 1 январига қадар бўлган давр рейтинг баҳолаш тизими билан қамраб олинади.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда рейтинг баҳолаш якунларига кўра:
«яхши» деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибасини оммалаштириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш ва амалга ошириш;
«қониқарли» деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритиш ва уларни амалга оширишда кўмаклашиш;
«қониқарсиз» деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилишини таъминлаб, унинг ижроси юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботларини ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг йиғилишларида эшитиш чораларини кўриб боради.
Мансур Абдурахманов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси