Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил
12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-81-сонли қарори мазмун-моҳияти

Коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган қатор қонунчилик ҳужжатлари ижроси бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида бир қатор вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида халқаро стандартларга асосан коррупцияга қарши курашиш фаолиятини бошқариш тизими жорий этилиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича ички идоравий ҳужжатлар қабул қилинди.

Шу билан бирга, бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳолаш механизмлари мавжуд эмаслиги соҳада амалга оширилаётган тадбирларга ягона мезон асосида холисона баҳо бериш ва уларнинг натижадорлигини янада оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятига оид самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ва уларни илғор халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январь кунидаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-81-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорнинг 1-бандида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш қуйидаги бешта йўналиш бўйича белгиланган индикаторлар асосида амалга оширилиши кўрсатиб ўтилди:

1) давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги ҳамда амалиётга татбиқ этилганлиги;

2) коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилганлиги;

3) давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги;

4) ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилганлиги;

5) коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги.

Қарорнинг 2-бандида 2022 йил 1 февралдан бошлаб рейтинг баҳолаш тизими, эксперимент тариқасида қарорнинг 1-иловасида кўрсатилган ва ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган давлат ташкилотлари фаолиятига, 2022 йил 1 июлдан бошлаб эксперимент натижаларини инобатга олган ҳолда рейтинг баҳолаш тизими барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий этилиши назарда тутилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, қарорнинг 1-иловасида ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган давлат ташкилотлари рўйхатида жами 26 та вазирлик, давлат қўмиталари, агентликлар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари келтирилган бўлиб, улар қаторида Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат солиқ, божхона ва статистика қўмиталари, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимликлари ҳамда бошқа ташкилотларни кўришимиз мумкин.

Шунингдек, қарорда рейтинг баҳолаш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан «E-Anticor.uz» электрон платформаси орқали ташкил этилиши, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, фаолият самарадорлиги «яхши», «қониқарли» ва «қониқарсиз» тоифаларга ажратилиши, рейтинг баҳолаш натижалари электрон платформада ҳисоблаб чиқилиши ва ҳар йили 1 мартга қадар кенг жамоатчилик учун оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилиши, ҳар йили олдинги йилнинг 1 январидан баҳоланиш ўтказилаётган йилнинг 1 январига қадар бўлган давр рейтинг баҳолаш тизими билан қамраб олиниши, рейтинг баҳолаш натижаларининг холислигини текшириш мақсадида камида 30 фоизи фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлган Рейтинг баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи шакллантирилиши тартиби белгиланган.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган мазкур қарорнинг
2-иловасига асосан Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, ушбу низомда коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби, асосий тушунчалар, рейтинг кўрсаткичлари ҳамда баҳолаш якуни бўйича кўриладиган чора-тадбирлар ўз аксини топган.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашга Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда рейтинг баҳолаш якунларига кўра «яхши» деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибасини оммалаштириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш, «қониқарли» деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритиш ва уларни амалга оширишда кўмаклашиш ҳамда «қониқарсиз» деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилишини таъминлаб, унинг ижроси юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботларини ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг йиғилишларида эшитишдан иборат чора-тадбирларни кўриб бориш вазифалари юклатилган.

Хулоса қилиб айтганда, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг коррупцияга қарши курашиш фаолиятидаги самарадорлик кўрсаткичларини аниқлаш ва уларни илғор халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимининг жорий этилиши давлатимиз томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланиб, мамлакатимизда ушбу салбий иллатга қарши курашишни кучайтириш ва шу йўл билан фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларнинг кучли ҳимоясини таъминлаш ҳамда инсон қадрини улуғлашга қаратилган.

Ханжар Хакимов

Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси