ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ РАҲБАРИЯТИ ТЕРМИЗДА СУД-ҲУҚУҚ МАСАЛАЛАРИГА ДОИР САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ

Сўнгги йилларда аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янгича тизим яратилиб, жойларда сайёр қабуллар ташкил этилаётгани фуқароларни ўйлантираётган кўплаб масалаларнинг ижобий ечим топишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида ташкил этилган навбатдаги сайёр қабулда юртдошларимизнинг суд-ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлари эшитилди.
Олий суд раисининг ўринбосари Шуҳрат Полвонов раҳбарлигида бўлиб ўтган оммавий қабулда фуқароларнинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларга оид жами 62 та мурожаатлари кўриб чиқилди.


Мазкур мурожаатларнинг 26 таси жиноят, 25 таси фуқаролик, 8 таси иқтисодий ва 3 таси маъмурий иш бўйича мурожаатларни ташкил қилади.


Мурожаатларнинг 26 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 36 та мурожаатлар жойида ўз ечимини топди.
Сайёр қабул жараёнида жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар, Термиз ва Ангор туман судлари томонидан сайёр суд мажлислари ўтказилиб, унда Пробация хизматида назорат остида турган жами 23 нафар шахслар суд томонидан тайинланган жазолардан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод этилди.


Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан 2 нафар фуқаронинг Ўзбекистон Республикасида яшаганлик факти тасдиқланиб, фуқаролик паспорти топширилди.
Қабул жараёнида мурожаатлари ижобий ҳал этилган барча фуқаролар томонидан ўз миннатдорчиликларини билдирди.

Хусусан, фуқаро Умиджон Тукаев 1985 йил 23 октябрда Тожикистон Республикасида туғилганлиги, 1997 йилда оила аъзолари билан доимий яшаш учун Ўзбекистонга кўчиб келганлиги, шундан буён бир неча маротаба ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига Ўзбекистон Республикасини олиш мақсадида мурожаат қилганида, унга рад жавоби берилганлиги, 20 йилдан ортиқ Ўзбекистон Республикасида яшаб келаётганлиги, бошқа давлат фуқаролигини эга эмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролиги тўғрисидаги Қонунга кўра, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс ҳохиш билдирган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш кўрсатилганлиги боис Термиз туман Адлия бўлими унинг манффатини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судига даъво аризаси киритган.
Мазкур даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди одилона кўриб чиқилганлиги, суднинг тегишли ҳал қилув қарори билан 1985 йил 23 октябрь куни Тожикистон Республикасида туғилган Тукаев Умиджон Буриевични 1997 йилдан бошлаб ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб келганлиги факти белгиланганлиги боис фуқаро Умиджон Тукаев суд тизимида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топдиришда ҳамда ўз муаммоларини ижобий ҳал этишда кўмаклашгани учун суд раҳбариятига миннатдорчилик билдирди.

АСҚАР ҚУДРАТОВ,
Сурхондарё вилоят суди Жамоатчилик
ва оммавий ахборот воситалари билан
алоқалар бўйича бош консультанти