ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОДИЛ СУДЛОВ АКАДЕМИЯСИ ТАШКИЛ ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2025 йил 21 августдаги ПФ-141-сон Фармони қабул қилинди.
Унга кўра, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, Адлия вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясини ташкил этиш ҳақидаги таклифларига розилик берилди.
Фармонга мувофиқ белгиландики,
– Академияда таълим жараёни устоз-шогирд анъанаси асосида «бўлажак судьяни судья ўқитади» тамойилига мувофиқ ташкил этилади;
– Академия Судьялар олий кенгаши ҳузурида фаолият юритувчи, юридик шахс мақомига эга бўлган ихтисослаштирилган давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади;
– Академия Судьялар олий мактабининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
– Академияга Судьялар олий кенгаши раисининг тақдимномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган ректор раҳбарлик қилади;
– Академия ректори меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт таъминоти шартларига кўра Олий суд раисининг ўринбосарига тенглаштирилади;
– Академия проректорлари Судьялар олий кенгаши раиси билан келишилган ҳолда Академия ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;
– Академия проректорлари ва профессор-ўқитувчиларига Олий суд судьялари учун, Академиянинг бошқа ходимларига эса Олий суд аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт таъминоти шартлари ва бошқа имтиёзлар татбиқ этилади;
– Академиянинг олдинги иш жойи бўйича ҳарбий, махсус ва даражали унвонлар ҳамда малака (мансаб) даражасига эга ходимларига Олий суд учун назарда тутилган мансаб даражалари тегишлилигича берилади, кўп йиллик хизматлари учун устама ва қўшимча тўловлар тўланади, уларнинг Академияда ишлаган даври ҳарбий, махсус ва даражали унвонлар ҳамда малака (мансаб) даражаларини олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади;
– Академияга ишга жалб этилган ва малака даражасига эга бўлган судьялар ва уларга тенглаштирилган шахсларда судья учун белгиланган устама ва қўшимча тўловлар, имтиёзлар, тиббий ва пенсия таъминоти шароитлари сақлаб қолинади. Ушбу шахсларнинг Академияда ишлаган вақти судьялик стажига қўшилади.
2025 йил 1 октябрдан бошлаб:
– судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш Академиянинг олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида (кейинги ўринларда – касбий қайта тайёрлаш курслари) давлат гранти асосида суд ихтисосликлари бўйича ташкил этилади;
– касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинган шахслар уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланган ҳолда асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилинади;
– касбий қайта тайёрлаш курслари тингловчиларига судья ёрдамчисининг бир ойлик меҳнатига ҳақ тўлаш фонди миқдорида ҳар ойда стипендия тўланади;
– касбий қайта тайёрлаш курсларига кириш учун Судьялар олий кенгаши томонидан номзодларнинг бенуқсон обрў-эътибори, ҳалоллиги ва лаёқатлилиги бўйича касбига муносиблиги ўрганилади;
– касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш психология, чет тиллари ва суд ихтисослиги бўйича тест синовларини ўтказиш ҳамда Судьялар олий кенгаши томонидан ташкил этиладиган идоралараро комиссия томонидан ўтказиладиган ёзма имтиҳон ва якка тартибдаги суҳбатдан иборат танлов орқали амалга оширилади. Бунда тест синовлари Академия буюртмасига биноан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан амалга оширилади;
– касбий қайта тайёрлаш курслари қонунчиликни қўллаш кўникмасининг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаган ҳолда «назария – амалиёт-имитация» тамойили асосида дуал таълим шаклида ташкил этилади;
– касбий қайта тайёрлаш курслари тингловчиларининг амалий кўникмасини шакллантириш мақсадида амалий машғулотлар деонтологик услубда ўтказилади. Бунда тингловчиларнинг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатура, суд-экспертиза ва бошқа давлат органлари ва муассасалари фаолиятида бевосита иштирок этиши таъминланади;
– касбий қайта тайёрлаш курсларида суд мажлисларини реал вақт режимида кузатиш ва судьянинг процессуал ҳаракатларини таҳлил қилиш имконини берувчи «виртуал суд» машғулотлари жорий этилади, шунингдек, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича ўқув дарслари ташкил этилади;
– касбий қайта тайёрлаш курсларини тамомлаганда Судьялар олий кенгаши раҳбарлигида ташкил этиладиган идоралараро комиссия томонидан якуний аттестация имтиҳони ўтказилади ҳамда ундан муваффақиятли ўтган битирувчиларга белгиланган намунадаги сертификат берилади;
– касбий қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятли тугатганлиги тўғрисидаги сертификатга эга бўлган шахслар аризасига асосан бўш судьялик лавозимларига ўтказиладиган танловларда иштирок этадилар;
– касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқиш дастурини ўзлаштирмаган ва якуний аттестация имтиҳонидан муваффақиятли ўтмаган тингловчилар, бўш судьялик лавозимига уч йилгача муддатда ариза топширмаган ёки таклиф этилган судьялик лавозимини эгаллашни рад этган битирувчилар ўқиш даврида олинган стипендия суммасини Давлат бюджетига тўлиқ миқдорда қоплаб берилиши белгиланди.
Академияда судья ва суд аппарати ходимларининг мажбурий малакасини оширишнинг қуйидаги тартиби жорий этилди:
– беш йил муддатга тайинланган судьялар – ҳар икки йилда икки ҳафтадан кам бўлмаган;
– ўн йил муддатга тайинланган судьялар – ҳар уч йилда икки ҳафтадан кам бўлмаган;
– Олий суд судьялари, суд раислари ва раис ўринбосарлари, шунингдек, муддатсиз даврга тайинланган судьялар – ҳар уч йилда бир ҳафтадан кам бўлмаган;
– фаолият самарадорлиги рейтингининг паст кўрсаткичларига эга судьялар – навбатдан ташқари икки ҳафтадан кам бўлмаган;
– суд аппарати ходимлари (судья ёрдамчиси, девонхона ва архив мудирлари) – ҳар икки йилда бир ҳафтадан кам бўлмаган малака ошириш курсларида ўқитилади.
– амалдаги судьялар учун Олий суд томонидан белгиланадиган мураккаб тоифадаги ишлар бўйича малака ошириш курслари ташкил этилади;
– суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш Олий суд буюртмаси асосида режали, шунингдек, уларнинг хоҳишига кўра ихтиёрий амалга оширилади.
– туман (шаҳар) ва вилоят судларининг тегишли раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьялар давомийлиги икки ойгача бўлган раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади;
– раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш курслари тингловчиларининг ўқиш давомида асосий иш жойи бўйича лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади;
– туман (шаҳар) ва вилоят судларида тегишли раҳбарлик лавозимларига, қоида тариқасида, фақат раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган судьялар тайинланади;
– раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ишдан ажралган ҳолда ташкил этилади ҳамда курсларни тамомлаган судья ва суд аппарати ходимларига белгиланган намунадаги сертификат берилиши белгиланди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу Фармоннинг қабул қилиниши, суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантириш, шунингдек, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси ижросини таъминлашда катта қадам бўлди. Суд-ҳуқуқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этишдаги устувор мақсадлар белгиланди.
БЕХРУЗ АВАЗОВ,
Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси