Ўзбекистон Республикаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти.
Шеробод туманлараро иқтисодий судининг раиси А.Н.Мамараимов Шеробод тумани Халқ таълими бўлимида “9-декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни”га бағишланган Аксилкорруция ҳафталиги” доирасида Ўзбекистон Республикаси “Коррупцияга
қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳиятини
тушунтириш юзасидан тарғибот йиғилиши ўтказди.
Жорий йилнинг 22 ноябрь куни Шеробод туманлараро иқтисодий судининг раиси А.Н.Мамараимов Шеробод тумани Халқ таълими бўлими ходимлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти юзасидан маъруза қилди.
А.Н.Мамараимов ўз маърузасида мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида қонунийликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ва жамият ривожига ҳар томонлама салбий таъсир кўрсатувчи иллат бўлган коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз қарши курашиш борасида бир қатор чора-тадбирлар белгиланиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлигини айтиб ўтди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги 03.01.2017 йилдаги қонуни мазкур соҳадаги фаолиятни бевосита тартибга солувчи норматив ҳужжат ҳисобланади. Қонун 34 моддадан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 24 ноябрда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2016 йил 13 декабрда маъқулланган.
Шунингдек, А.Мамараимов ўз маърузасида иштирокчиларга қуйидагилар ҳақида айтиб ўтди.
Ушбу Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш;
коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик — коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш;
манфаатлар тўқнашуви — шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият.
Коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги; коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлигидан иборат.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
– аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;
– давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;
– коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш.
Қонунга кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси; Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати; Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги; Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги; Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширувчи бошқа давлат органлари.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилади. Идоралараро комиссияни шакллантириш ва унинг фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
Идоралараро комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
– коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;
– коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлаш;
– аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;
– коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, уларга чек қўйишга, уларнинг оқибатларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлиги оширилишини таъминлаш;
– коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотни йиғиш ҳамда таҳлил этиш;
– коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳадаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш;
– коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
– ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш.
Шунингдек, қонунда давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар белгилаб берилган бўлиб, қонуннинг
19-моддасига кўра давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:
– давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва уларнинг ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг ва бошқа ходимларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини кучайтириш;
– коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органларининг фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
– давлат органларининг ва улар ходимларининг фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик;
– давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларининг бажарилиши самарадорлиги мезонларини, стандартларини ва унинг сифатини баҳолаш тизимларини жорий этиш;
– давлат органлари ходимларининг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятдаги одоб-ахлоқининг ягона принциплари ва қоидаларини белгиловчи одоб-ахлоқ қоидаларини самарали амалга ошириш;
– давлат органлари ходимлари манфаатларининг тўқнашувини ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларга риоя этилиши юзасидан мониторинг ўтказилишини таъминлаш;
– давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, хизматни ўташнинг шаффоф тартибини ўрнатиш, шахсий ва касбий сифатлар, очиқлик, беғаразлик, адолатлилик ва холислик принциплари асосида танлов бўйича саралаш ҳамда хизматда кўтарилиш тизимини жорий этиш;
– давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши, мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликларини тиклаш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўрилиши устидан назоратни таъминлаш;
– давлат органлари фаолиятида коррупциянинг олдини олишга доир тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ушбу органлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаган ҳолда мунтазам равишда мониторинг ўтказиш;
– норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этиш;
– давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларининг самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини, моддий таъминот олишини ва рағбатлантирилишини таъминлаш.
Бундан ташқари, маърузачи ўз маърузасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар суднинг қарорига кўра муайян ҳуқуқлардан, шу жумладан муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан қонунга мувофиқ маҳрум этилиши мумкинлигини ҳақида тушунтиришлар бериб ўтди.
Шундан сўнг, йиғилиш эркин савол-жавоблар тарзида давом эттирилди.
Йиғилиш раиси ташкил этилган тадбир ва ходимларни қизиқтирган саволларга берилган жавоблар учун Шеробод туманлараро иқтисодий судининг раиси А.Н.Мамараимовга ўзининг миннатдорчилигини билдириб ўтди.
Расилик қилувчи йиғилишда қатнашаётган ушбу маърузарлар юзасидан фикр-мулоҳазалар ёки саволлар бор-йўқлигини сўради.
Йиғилиш иштирокчиларнинг савол-жавоблари ва фикр мулоҳазалари асосида давом эттирилди.
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти