ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ 2017 ЙИЛ 3 ЯНВАРДАГИ «КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУНИНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ

Жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаб, шахснинг тергов ва суд ҳаракатлари жараёнидаги ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, суд ва тергов органларининг масъулиятини янада кучайтиришга, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва судга бўлган ишончини ошириш, бир сўз билан айтганда, мамлакатда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади. Давлатни ич-ичидан емирадиган ана шундай иллат – коррупция ва порахўрликдир. Айнан шу иллат сабабли кўплаб давлатларнинг инқирозга юз тутгани ҳам тарихдан маълум.

Коррупция сўзи – лотинча “пора бериб сотиб олиш” маъносини англатиб, мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланишни ифодаловчи сиёсий ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият тушунилади. Коррупция жиноят қонунчилигида ўзи мустақил жиноят таркиби бўлмай, балки бир қатор мансабга оид жиноятларни қамраб олувчи умумлашган тушунчадир.

Хусусан, унинг таркибига мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ҳокимият ҳаракатсизлиги, пора олиш, бериш ва бошқа бир қатор жиноятлар киради.

Таъкидлаш лозимки, коррупция, энг аввало, инсон ҳуқуқларини таъминлашга монелик қилиб, ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқаради. Эркин бозор иқтисодиётининг ривожланишига, ҳаёт даражасининг пасайишига олиб келади. Шу билан бир қаторда коррупция фуқароларнинг давлат бошқаруви идораларига бўлган ишончи йўқолишига олиб келиб, уюшган жиноятчиликнинг авж олишига замин яратади ва инсонларнинг хавфсизлигига таҳдид солади.

Яъни ҳар қандай салбий ҳолат сингари коррупция ҳам жамият ривожига тўсқинлик қилмоқда. Шу боиси мамлакатимизда коррупцияга қарши  кексин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда. Жумладан, бунинг асоси сифатида Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз ваколатига киришиши билан Президент сифатида имзо чеккан энг биринчи ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилиниши зарурати, унинг мақсад ва вазифалари, берилган тушунчалар, коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ҳақида, шунинг билан биргаликда коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан бири ҳисобланиши,  коррупция деганда давлат амалдорлари томонидан шахсий маффатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида фуқаролардан пора олиш ва бошқа ҳаракатлар содир этилиши тушунилиши, фуқароларни коррупция ҳолатлари тўғрисида хабарлари бўлганида дарҳол мутассадди ташкилотларга хабар беришлари лозимлиги тушунтиришлар бериб ўтди.

Умуман олганда, сўнгги йилларда қилинган ишлар таҳлили аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилганини кўрсатиб турибди.

Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.

Албатта, бажарилган ишлар салмоқли. Аммо биз кечаги қилган ишимизнинг натижасига маҳлиё бўлиб қолсак, эртанги ишимизнинг якуни биз кутганчалик бўлмаслиги табиий.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ”ги Фармоннинг қабул қилиниши, коррупцияга қарши кураш бўйича идоралараро комиссиясининг  ташкил этилиши, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат Дастурининг тасдиқланиши мамлакатимизда коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чора–тадбирлар, вазифаларни амалга оширишни таъминлашга хизмат қилади.

Уктам Мамадиев

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси