ЎЗБЕКИСТОНДА НОРМА ИЖОДКОРЛИГИ ЖАРАЁНИНИЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ
Маълумки, инсоният бугун цивилизациялашган, ахборот технологиялари замонида яшамоқда. Аммо ўз ҳуқуқларини билиш, уларга амал қилиш ва мажбуриятларини бажариш даражаси ҳаммада ҳам бир хилда шаклланган дейиш ноўриндир. Мазкур ҳолатнинг турли хилдаги оъбектив ва субъектив сабаблари мавжуд. Масалан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турли-туманлиги ёки уларнинг тез-тез бошқаси билан алмаштириб турилиши шундай омиллар қаторига киради.
Шу ўринда норматив ҳуқуқий ҳужжат нима? деган саволга жавоб бериб ўтсак.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ қабул қилинган, умум мажбурий давлат кўрсатмалари сафтида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатдир.
Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида” ги қонунига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси;
Ўзбекистон Республикасининг қонунлари;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари;
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.
Мазкур қонунга кўра, турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик кучи бўйича ўзаро нисбати Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилган органларнинг ваколатларига ва мақомига, ушбу ҳужжатларнинг турларига, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган санага мувофиқ белгиланади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши керак.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовутлар бўлган тақдирда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади.
Тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовутлар бўлган тақдирда, кейинроқ қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қоидалари амал қилади, бундан ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳол мустасно.
Агар норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган вазирликнинг, давлат қўмитасининг ёки идоранинг ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун махсус ваколати бўлса, ушбу орган қабул қилган ҳужжат бир хил мақомдаги бошқа вазирлик, давлат қўмитаси ёки идора томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлади.
Қонун талабига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасига қўйишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Ишлаб чиқувчи томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида (бундан буён матнда портал деб юритилади) жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда жойлаштирилади.
Ишлаб чиқувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини порталга уни норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилувчи органга киритишдан олдин жойлаштиради.
Ишлаб чиқувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг порталдаги жамоатчилик муҳокамаси муддатини тартибга солинадиган ижтимоий муносабатларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда белгилайди ҳамда бу муддат порталда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилган кундан эътиборан ўн беш кундан кам бўлмаслиги керак.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси иштирокчиларидан тушган фикр-мулоҳазаларни ва (ёки) таклифларни ҳисобга олишни ишлаб чиқувчи қабул қилинган фикр-мулоҳазалар ва (ёки) таклифларга мувофиқ лойиҳани маромига етказиш йўли билан амалга оширади.
Келиб тушган фикр-мулоҳазалар ва (ёки) таклифлар рад этилган тақдирда, ишлаб чиқувчи уларни рад этиш сабабини асослаши шарт.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаси натижалари, қоида тариқасида, келиб тушган фикр-мулоҳазалар ва (ёки) таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилган ҳолда тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига (ҳуқуқий экспертиза учун) ва норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органга (кўриб чиқиш учун) киритилади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органга киритилгунига қадар:
манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар билан;
қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда бошқа давлат органлари ва ташкилотлар билан мажбурий тартибда келишилади.
Келишиш учун юборилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига манфаатдор давлат органлари ва ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари (алоҳида ҳолларда — уларнинг биринчи ўринбосарлари) томонидан:
қонун ҳужжатлари лойиҳаларига — етти иш куни ичида;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳаларига — уч иш куни ичида;
вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларига — беш иш куни ичида;
маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари лойиҳаларига — уч иш куни ичида виза қўйилади.
Қонунчиликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишишнинг бошқа муддатлари ҳамда муайян давлат органлари ва ташкилотлар билан мажбурий равишда келишишга доир талаблар белгиланиши мумкин.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишишнинг махсус ахборот тизими орқали электрон шаклда амалга оширилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишиш тартиби қонунчиликда белгиланади.
С.Рахимов
Сурхондарё вилоят суди судьяси