ЎЗБЕКИСТОНДА МЕДИАТИВ КЕЛИШУВНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

Дарҳақиқат, илғор хорижий давлатларда низоларни судга қадар ҳал қилишда медиациянинг ўтказилишини қўллаб-қувватлашга оид бир қатор ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилган. Мазкур давлатлар тажрибасини таҳлил этиш ҳамда мамлакатимиз шароитида жорий этиш истиқболларини ўрганиш соҳани такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Мутахассисларнинг фикрича ҳозирги кунга қадар, кўп сонли ишлар асоссиз равишда суд тизимига ўтказилади. Шунга асосан тегишли давлат органлари бир қатор низоларни мустақил равишда ҳал қилишга имкон берадиган механизмлар ёки чораларни ишлаб чиқиш истиқболларини кўриб чиқмоқда ва фақат суд жараёни зарур бўлган ҳолатларда судга мурожаат қилинади.

Амалдаги қонунчилигимизда жиноий ҳуқуқий муносабатларда мажбурий медиация қилиш имконияти мавжуд эмас. Суддан ташқари ёки низони судгача ҳал қилишда мажбурий медиацияни жорий қилиш судлар томонидан кўриб чиқиладиган иш юкламасини камайишига олиб келади.

Хорижий мамлакатларда судлар тарафларни медиатор билан учраштиришга ҳаракат қилишади ва тарафларни медиацияга ундаш учун бир қатор имтиёзларни таклиф қилади. Медиацияда ишни кўрилишидан бош тортган томонлар учун жарима солиш назарда тутилган.

Мисол учун: Англияда Фуқаролик процессуал қоидалари медиация тарафлари учун самарали рағбатлантиришнинг энг кучли шакли ҳисобланади, қоидаларда агар бир томон медиацияни асоссиз равишда рад этса, суд рад жавобини берган шахсга нисбатан тўлов топшириғини юборишда кенг эркинликлар назарда тутилган.

Шунингдек, ушбу давлатда медиация орқали амалга оширилган жараёнлар халқаро молиявий низоларни, шунингдек жиноий низолар ва бошқа турдаги низоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда ва низоларни медиатор орқали ҳал қилиш одатий ҳол бўлиб бормоқда. Англияда медиация институти қўлланилишининг тил, инфратузилма ва транспорт алоқалари бўйича ўзининг яққол афзалликларидан ташқари, медиация жараёнини ўтказиш бўйича кўп сонли тажрибали ва ишлашга тайёр медиаторларнинг мавжудлиги ва инглиз ҳуқуқи остида медиацияни қўллаб қувватланганидир.

Англия қонунчилигида медиация – бу низоли томонларга музокаралар олиб боришда мустақил, холис, учинчи томон ёрдам берадиган жараён ҳисобланади. Тарафлардан мунозарани тартибга солиш учун жалб қилинувчи шахс. Медиатор ишни ҳал қилмайди, унинг вазифаси низони қандай ҳал қилиш бўйича муҳокамаларни осонлаштиришдир. Жараённи олиб боришда медиатор холис ва мустақил бўлади. Медиаторнинг жараённи иккала томон манфаатига қараб олиб борилади. Томонлар низони қандай шартлар ва қайси шароит асосида ҳал қилиш кераклигини ҳал қилиб оладилар.

Англияда медиация ҳеч қандай ҳуқуқий нормалар билан тартибга солинмаган, бу шу тарзда тажриба ўтказишга мойил бўлган назариячи-юристлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва жамоатчиликнинг ташаббуси ҳисобланади. Шу сабабли бу ерда маҳаллий хусусиятларга қараб медиациянинг кўп турлари мавжуд.

Мамлакатимизда мажбурий медиация қилиш имконияти жиноий ҳуқуқий муносабатларда жорий этиш масаласи кўрилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шу каби, медиаторларни тайёрлаш ва ўқитиш масалалари бўйича хорижий тажриба ўрганилганда, медиаторлар томонидан медиация жараёнини амалга оширишлари учун ўқув курсларини тугатиш ва сертификат олиш талаби қўйилганлигини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонуни 2018 йилда қабул қилинган бўлиб, 2019 йил 1 январдан кучга кирган. Ҳозирда медиация институтини юқоридаги Қонунда белгиланган соҳаларга (фуқаролик, тадбиркорлик, меҳнат ва оилавий муносабатлари) самарали татбиқ этиш ҳамда профессионал медиаторлар корпусини шакллантириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикасида Профессионал медиаторлар реестри ҳудудий адлия бошқармалари томонидан юритилади ва реестр ҳамма учун очиқ ҳолатда тегишли адлия органлари ҳамда Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади. Шахсни профессионал медиаторлар рўйхатига киритиш тартибининг соддалиги медиаторлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бир мисолидир.

Хусусан, Адлия вазирлигидан 2018 йил 29 ноябрда 3092-сон билан давлат рўйхатида ўтказилган “Профессионал медиаторлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 6-бандига мувофиқ, махсус ўқув курсини тугатган шахс доимий яшаш жойидаги адлия органига, реестрга киритиш ҳақидаги ариза, паспорт нусха, сўровнома ва тегишли курсни тугатганлиги бўйича ҳужжат нусхасини тақдим этади.

Шунингдек, профессионал медиаторлар фаолиятини тартибга солувчи “Медиация тўғрисида”ги қонунда кўрсатилган талаблардан ташқари профессионал медиатор медиация соҳасида кенгроқ амалий кўникмаларга ва билимларга эга бўлиши лозим. Шунингдек, қонунчиликда профессионал медиаторнинг бирор соҳада мутахассислик маʻлумотига эга бўлишлиги лозимлиги аниқ белгиланмаган.

Чунки, профессионал медиатор медиаторлик фаолиятини амалга оширишда оилавий, фуқаролик, меҳнат, уй-жой, иқтисодий ва тадбиркорлик билан боғлиқ низоларни ҳал қилади.

Қонунчиликда бундан ташқари медиаторларга нисбатан малакасини мунтазам ошириб бориш бўйича талаблар белгиланмаган. Медиаторларнинг қанча муддатда аттестациядан ўтиши кераклиги, медиаторлик фаолиятини олиб боришда қўшимча ўқув курсларни ўқиши, мунтазам малакасини ошириб бориши бўйича қоидалар ўрнатилиши лозим деб ҳисоблаймиз. Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, низоларни ҳал этишда медиация институтини жорий этишни кенг кўламда амалга ошириш фуқароларнинг низоларни тинчлик, муроса йўли билан келишган ҳолда амалга оширишнинг муҳим воситаси ҳисобланади.

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси