ЁПИҚ СУД МАЖЛИСИ МАЪЛУМОТЛАРИ ҲИМОЯЛАНМОҚДА

2025 йил 26 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ 1084-сонли қонуни эълон қилинди.
Қонунга асосан, ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини ошкор қилишга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирилган ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар ҳамда маълум бир ишда иштирок этаётган эксперт, мутахассис ёки таржимон томонидан уларни суднинг рухсатисиз маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Жиноят кодекси 239-моддасининг номи ва диспозицияси қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«239-модда. Суриштирув, дастлабки тергов ёки ёпиқ суд мажлиси маълумотларини ошкор қилиш
Суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг рухсатисиз, шунингдек ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик мажбурияти ўз зиммасига юклатилган шахс томонидан уларни ошкор қилиш».
Шунингдек, мазкур қонун билан Жиноят-процессуал кодексининг ҳам айрим моддаларига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Жиноят-процессуал кодекси 68-моддасининг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Эксперт била туриб нотўғри хулоса берганлиги, суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини суриштирувчининг, терговчининг ёхуд прокурорнинг рухсатисиз, ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини эса суднинг рухсатисиз ошкор қилганлиги, шунингдек узрсиз сабабларга кўра хулоса беришни рад этганлиги ёки бу ишдан бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгар бўлади»;
Жиноят-процессуал кодекси қуйидаги мазмундаги 4021-модда билан тўлдирилди:
«4021-модда. Ёпиқ суд мажлиси маълумотларини ошкор қилмаслик мажбурияти
Ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисида ажрим чиқарилганда ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар суд муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик тўғрисида огоҳлантирилиб, улардан тилхат олинади. Тилхатда мазкур мажбуриятни бузганлик учун Жиноят кодексининг 239-моддасига мувофиқ жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантириш ҳам акс эттирилади»;
Шунингдек, мазкур қонун билан Фуқаролик-процессуал кодексининг ҳам айрим моддаларига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Фуқаролик-процессуал кодекси 60-моддасининг тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Била туриб ёлғон хулоса берганлик, ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун эксперт Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238, 239-моддаларига мувофиқ жавобгар бўлади»;
Шунингдек, мазкур қонун билан Иқтисодий-процессуал кодексининг ҳам айрим моддаларига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Иқтисодий-процессуал кодекси 165-моддаси қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилди:
«Ишни ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиш тўғрисида ажрим чиқарилганда, ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар суд муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик тўғрисида огоҳлантирилиб, улардан тилхат олинади. Тилхатда мазкур мажбуриятни бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 239-моддасига мувофиқ жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантириш ҳам акс эттирилади».
Бундан ташқари, мазкур қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг ҳам айрим моддаларига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 143-моддаси қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилди:
«Ишни ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиш тўғрисида ажрим чиқарилганда, ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар суд муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик тўғрисида огоҳлантирилиб, улардан тилхат олинади. Тилхатда мазкур мажбуриятни бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 239-моддасига мувофиқ жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантириш ҳам акс эттирилади».
Ушбу қонун суд процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини, шахсий ҳамда оилавий сирини, шаъни ва қадр-қимматини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга, шунингдек ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотлари ва тафсилотлари ошкор этилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Мақолани тайёрлашда интернет манбаларидан фойдаланилди.
ЖАХОНГИР МАМАТАЛИЕВ,
Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси






