ЯШАШ ЖОЙИГА ЭГА БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИ РЕАБИЛИТАЦИЯ МАРКАЗИГА ЖОЙЛАШТИРИШНИНГ ЯНГИ ТАРТИБИ БЕЛГИЛАНДИ
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини мустаҳкамлашга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш орқали уларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатишга, шунингдек уларга жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари яратилган.
Бугунги кунга қадар ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномалари туманлараро маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилаётган эди.
Бу эса, туманлараро маъмурий судлар фақат вилоят марказларида жойлашганлиги, ҳудудлар географик жойлашуви бўйича бир-биридан узоқда жойлашганлиги ва ички ишлар органлари ходими мазкур иш билан шуғулланиши давомида ўз хизмат жойини узоқ муддат бўш қолдираётганлиги туфайли муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш амалиётини фуқароларга қулайликлар яратиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келтирмоқда эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 16 декабрь куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишга доир нормаларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўтказиш ҳамда тегишли ишларни кўриб чиқишни маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларга ўтказиш белгиланди.
Қонунда белгиланган нормалар муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш билан боғлиқ қийинчиликларнинг ва ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Ички ишлар органлари материалларни тайёрлаб, шахс аниқланган ёки марказ жойлашган жиноят ишлари бўйича судга муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни 30 суткагача реабилитация марказига жойлаштириш ҳақида илтимоснома киритади.
Илтимоснома келиб тушгандан бошлаб 24 соат ичида ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.
Шахсни реабилитация марказига жойлаштириш ёки илтимосномани рад этиш ҳақидаги қарор эълон қилинган пайтдан кучга киради ва зудлик билан ижро этилиши лозим.
Шахсни реабилитация марказига жойлаштириш ҳақидаги қарорга 3 кун ичида шахс томонидан, унинг қонуний вакили ва адвокати томонидан апелляция шикояти, прокурор томонидан – протест келтирилиши мумкин. Мазкур Қонун “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган ва 2022 йил 17 декабрь кунидан кучга кирди.
З.Мавлонов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси