ЯНГИ ҚОНУН ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲАМДА БОЛАЛАРНИНГ МАНФААТЛАРИ УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Ўзбекистонда қонун ҳуқуқнинг асосий шакли бўлиб, у давлат олий ҳокимият вакиллик органи томонидан махсус белгиланган тартибда қабул қилинади. Шу билан бирга қонун ҳуқуқнинг энг муҳим шакли бўлиб, унда ҳуқуқнинг ҳамма сифатлари мужассамлашади. Қонун давлат олий вакиллик органларининг энг юқори юридик кучга эга бўлган актидир.
Ўзбекистон Республикасининг қонунларида янгиланаётган ижтимоий тузумимизнинг, ҳуқуқий давлат барпо этишнинг энг муҳим принциплари, ривожланишимизнинг йўналишлари ва дастурий вазифалари ўз аксини топиб келмоқда.
Шундай қилиб, қонун ижтимоий тараққиёт қонуниятларининг юридик шаклдаги тавсифини ўзида акс эттирган ва энг муҳим ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи, бевосита халқ иродасини ифодаловчи, белгиланган тартибда давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи томонидан ёки референдум йўли билан қабул қилинадиган ва олий юридик кучга эга бўлган норматив ҳужжатдир.
Демак, қонунлар халқ манфаати ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, у жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари белгиланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шартлиги, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарори ёки буйруғига асосан алимент ундирилиши белгиланган.
Муқаддас Ислом динимизда ҳам ўғил болалар вояга етгунига қадар, қиз ва ногирон фарзандлар эса балоғатга етганида ҳам уларнинг нафақасини отасининг зиммасига вожиб қилинган.
Бобурийлар сулоласи подшоси Аврангзеб Оламгир буйруғига биноан бир гуруҳ салоҳиятли факиҳлар томонидан ёзилган ҳамда қозилик ишларини бажариш ва давлатни бошқариш учун асосий қонун ўрнида ишлатилган “Фатовойи Оламгирия” асарида “Балоғатга етмаган болаларнинг нафақаси отанинг зиммасида, унга ҳеч ким бу ишда шерик бўлмайди (яъни, ўрнини босмайди)”, деб ёзилган.
Шариатга кўра, ота фарзандлари хоҳ ўзининг қарамоғида бўлсин, хоҳ бошқа жойда бўлсин, уларни озиқ-овқат, кийим-кечак, таълим-тарбия, даволаниш ва бошпанага бўлган эҳтиёжини таъминлаши кераклиги уларнинг зиммасидаги вожиб бўлган бурчидир.
Қонунчилигимизга кўра, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаган шахслар қонун олдида жавоб берадилар.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
474-моддасига кўра моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки бир юз йигирма соатгача ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этишга ёхуд ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий жазоларнинг мазкур турлари қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Ушбу модданинг рағбатлантирувчи қисми ҳам мавжуд бўлиб, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сон Қонуни билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга алимент мажбуриятлари бажарилишини таъминловчи чора сифатида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб қилиш каби янги маъмурий жазо чораси киритилди.
Бундан ташқари, Ўзбекитон Республикаси Жиноят кодексининг
122-моддасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ушбу модданинг ҳам рағбатлантирувчи қисми мавжуд бўлиб, унга кўра агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан мамлакатимизда оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш, бола ҳуқуқларини таъминлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2022 йил 7 мартдаги ПФ-87-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 августдаги “Алимент тўловлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги
427-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Алимент тўловлари” жамғармаси ташкил этилиб, унга Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50.000.000.000 сўм ажратилган.
Бюро органлари иш юритувидаги алимент ундириш билан боғлиқ суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжати ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжати билан алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахслардан белгиланган ва ундириш имкони бўлмаган маблағларни жамғарма маблағларидан алимент тўловлари бўйича шаклланган қарздорликни бирйўла тўлаш учун молиялаштириш ушбу жамғарманинг мақсади ҳисобланади.
Жамғарма маблағлари вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгариликка тортилган тақдирда, алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни қоплаб беришга йўналтирилади. Ҳозирги кунда ушбу Жамғарма ҳисобидан жиноий жавобгариликка тортилган шахсларнинг суд ҳукмида зарар сифатида кўрсатилган алимент қарздорликлари ундирувчиларга тўлаб берилмоқда.
Бундан ташқари, барчага маълумки кейинги вақтларда Интернет жаҳон ахборот тизимидаги янгиликларда, Интернетдаги ижтимоий тармоқларда аёлларга ва вояга етмаган қизларга нисбатан қилинган жинсий тажовузлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган эътибор тубдан кучайиб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлигини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб қувватлаш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Янги қонун билан номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, шахсни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, уларга нисбатан уятсиз бузуқ ҳаракатларни содир этиш, вояга етмаган шахс иштирокидаги порнографик маҳсулотни тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ жиноий ҳатти-ҳаракатлар учун жазо чоралари оғирлаштирилди. Мазкур жиноятларни содир этган шахслар учун жазо тайинлашни енгиллаштирувчи ҳолатлар, шу жумладан, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни қўллаш тақиқланди.
Ногиронлиги бўлган шахсларга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий дахлсизликка ва эркинликка қарши жиноятларни содир этганлик, шунингдек, ушбу жиноятларни жабрланувчиларни тарбиялаш, ўқитиш ёки унга ғамхурлик қилиш мажбуриятларини бажараётган шахс томонидан содир этиш учун жавобгарлик кучайтирилди.
Шу билан бирга оилавий зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик киритилди. Жумладан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг замонавий халқаро нормалар ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб, жисмоний зўравонлик учун ҳам маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди.
Шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни, номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик, шаҳвоний шилқимлик қилиш, вояга етмаган болаларга васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик каби ҳаракатлар учун жавобгарлик киритилди.
Бундан ташқари, ушбу Қонун билан илгари вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятларни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, уларни соғломлаштириш, болалар спорт, ижодий ташкилотларда ишлаши тақиқланди.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, мамлакатимизда бу каби қонунларнинг қабул қилиниши хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотлар янги босқичга чиқаётганлигидан далолат беради.
Отабек Каримов
Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди раиси