ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ҲУҚУҚИЙ ДЕМОКРАТИК ДАВЛАТ, ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ
Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланган демократик давлат барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилиб, кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу ўринда, Демократия ўзи нима?-деган саволга жавоб бериб кетсак.
Демоктария-бу аввало, халқ ҳокимиятчилигидир. У давлат тузумининг асосий тамойилларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Демократия ҳокимиятнинг фақат халқа тегишли эканлиги, давлат халқ иродасини, ифодасини ва унинг манфаатларига хизмат қилиш лозимлиги, давлатнинг олиб бораётган сиёсати фақат инсон ва жамиятнинг фаровонлигини таъминлашга қаратилгандир. Демократия ҳокимият фақат Конституция ва қонунларда кўзда тутилган тартибда ва улар асосида тузилган идоралар орқалигина амалга оширилишини билдиради. Давлат идоралари фақат қонунда кўрсатилган ваколатлари доирасидагина фаолият кўрсатади.
Кейинги вақтларда, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан тасдиқланган «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан ишлаб чиқилган еттита устувор йўналишдан иборат 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш борасида асосий мақсад ва вазифалари белгилаб берилди.
Хусусан, Вазирлик ва идоралар раҳбарларига ташкилий-ҳуқуқий масалаларни ўзлари мустақил ҳал этиши учун зарур шароитларни яратиш, қабул қилинаётган қарорларнинг улар томонидан самарали ижро этилишини таъминлаш, давлат бошқаруви органларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш ҳамда уларнинг стратегик йўналишларини режалаштиришга қаратилган янги тизим яратиш, вазирлик ва идораларда иш юритиш ва маъмурий бошқарув жараёнлари сифатини ошириш борасида, ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш мақсад қилинган эди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 февралдаги “Янги ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-269-сон Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармон талабига кўра, Янги Ўзбекистон шароитида замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, қарор қабул қилиш ва масалани кўриб чиқиш жараёнларини соддалаштириш орқали давлат органлари раҳбарларининг масъулиятини ошириш ҳамда улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш, шунингдек, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури ижросини таъминлаш мақсадида, 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаши тизими жорий этилиши, Ҳукумат аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари, тегишли соҳада ягона давлат сиёсатини олиб бориш ва уни ривожлантириш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун масъул ва жавобгар ҳисобланиши, тизимдаги кадрлар сиёсатининг Вазирлар Маҳкамаси аппаратидан мустақил равишда давлат хизмати тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ юритилишини таъминлашлиги белгиланди.
Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва улар ҳузуридаги бўлимлар, шунингдек, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлими тугатилиши белгиланди.
Фармон билан, Вазирлар Маҳкамаси тизимини, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Табиат ресурслари вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар каби вазирликлар ташкил этишлиги белгилаб қўйилган.
Ушбу ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасида Ҳукумат аъзоларининг Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаш механизмларини белгилаш, уларнинг Вазирлар Маҳкамасида қарорлар қабул қилиш жараёнидаги мақомини ошириш; ҳудудлар, инфратузилма, иқтисодиёт, молия, пул-кредит, шунингдек, ижтимоий соҳанинг ривожланишини таъминлашда Ҳукуматнинг масъулиятини тубдан ошириш; Ҳукумат аъзоларининг бошқарув, кадр, молия ва бошқа йўналишлардаги мустақиллигини ошириш ва масъулиятини кучайтириш; республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, шу жумладан ҳудудий бўлинмалар кесимидаги ҳар бирининг мақоми, уларни ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ тартиби ҳамда бир-биридан фарқловчи мезонларни белгилашга хизмат қилади.
Сохиб Рахимов
Сурхондарё вилоят суди судьяси