Янги Ўзбекистон – янги суд тамойили асосида аҳолининг одил судловга эришиши таъминланади
Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.
Шу билан бирга «Янги Ўзбекистон — янги суд» тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.
Хусусан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида 2023 йил
16 январь куни “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-11-сон Президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти ташкил этилиши белгиланди.
Шунингдек, мазкур Фармон билан 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.
Стратегия доирасида судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш одил судловни таъминлашнинг вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Фармонга кўра, судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш чоралари белгиланади.
Қуйидагилар одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси этиб белгиланди:
-Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари;
-Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларининг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари;
-туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари.
Олий суд тизимида Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти ташкил этилади.
Бундан ташқари, 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимининг ахборот сиёсати концепцияси ишлаб чиқилади.
Мухтасар қилиб айтганда, келгусида одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги таъминланади.
Шахбоз Холмуратов
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси