Янги Ўзбекистон шароитида низоли оилалар муаммосини бартараф этиш – давлат сиёсатининг муҳим йўналишидир

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янги лойиҳасида мамлакат ижтимоий тараққиётига доир бир қатор устувор йўналишлар белгиланган бўлиб, улар орасида оилани мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш асосий вазифалардан бири сифатида қайд этилган. Жумладан, Стратегиянинг 25-мақсади айнан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган.
Мазкур мақсад доирасида оилавий низоларни ҳал этиш, низоли оилаларни соғлом муҳитга қайтариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, ҳар қандай жамиятнинг пойдевори бўлган оила мустаҳкам ва тинч бўлсагина, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигига эришиш мумкин. Шу боис, Янги Ўзбекистон шароитида низоли оилалар муаммосини бартараф этиш – давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янги лойиҳаси Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларининг тобора илдамлашувида янги истиқболларни очмоқда.
Оилаларда муроса ва тотувлик – «Ўзбекистон–2030» стратегиясининг устувор мақсадларидан бири ҳисобланади.
Сўнги йилларда юртимизда оилалардаги низоли ҳолатларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Дарҳақиқат, ҳар бир маҳалла ва ҳудудда тегишли идоралар ва жамоат тузилмалари ҳамкорлигида “нормал муҳитдан чиқиб қолган” оилаларни рўйхатга олиш ва улар билан индивидуал ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Шу каби, ҳудудларда махсус гуруҳлар “нотинч” оилалар билан суҳбатлар, маслаҳатлар ўтказиб, зарур ҳолларда психологик ёрдам ва ҳуқуқий кўмак бериб келмоқда. Шунингдек, маҳаллалар даражасида хотин-қизлар фаоллари фаолиятини баҳолаш мезонлари такомиллаштирилгани эътиборга молик. Шу нуқтаи назаридан бугунги кунда низоли оилалар билан ишлаш давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан комплекс ва тизимли амалга оширилмоқда.
Ушбу “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида низоли оилалар муаммосини ечиш юзасидан аниқ мақсад ва кўрсаткичлар белгилангани ушбу саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Низоли оилаларни соғломлаштириш – фақат рақамгина эмас, балки минглаб аёллар ва болаларнинг тақдири, уларнинг хонадонига тинчлик ҳамда бахт олиб келиш демак. Стратегияда белгиланган мазкур кўрсаткичлар тўғри ва вақтида қўйилган чора деб баҳолаш мумкин. Зеро, у давлат органларини аниқ натижага йўналтириб, масъулиятни оширади.
Яна бир ҳолат, низоли муҳитда ўсиб келаётган болаларнинг келгусида ўша низони қайта такрорлаш эҳтимоли юқори бўлади. Демак, ҳар бир муросага эришилган оила нафақат бугунги кун учун, балки келажак авлоднинг барқарор ва соғлом ривожланиши учун қўйилган муҳим қадам ҳисобланади.
Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, бу каби чора-тадбирлар ижтимоий барқарорликни таъминлаш, хотин-қизлар хавфсизлигини кафолатлаш ва оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси






