Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш масалалари.

Бугунги даврда Янги Ўзбекистон “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” деган муҳим ғоя негизида барпо этилмоқда. Давлатимиз Раҳбари белгилаб берган бу улуғвор мақсад асосида халқимиз янгидан-янги ислоҳотларнинг ҳақиқий муаллифига айланиб бормоқда.

Шу муносабат билан, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида кейинги беш йилликда мамлакатимизда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратиб беришга қаратилган Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди.

Тараққиёт стратегияси:

– инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;

– мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;

– миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш;

– адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;

– маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш;

– умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш;

– мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган 7 та устувор йўналишдаги масалаларни қамраб олади.

Стратегияда мутлақо янги ёндашув қўлланилиб, режалаштирилган ислоҳотлар натижадорлигини тараққиётнинг мақсадларига эришганлик даражаси асосида баҳолаш тизими жорий этилган.

Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да мамлакатимизни ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналишидан бири сифатида миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш йўналишида қуйидаги мақсадларга эришишга қаратилган 133 та чора-тадбир белгиланган. Жумладан:

– аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотни 1,6 баравар ҳамда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 баравар кўпайтириш;         
       – банк тизимида хусусий сектор улушини амалдаги 18 фоиздан 60 фоизгача ошириш ҳамда фонд бозори ҳажмини 7 млрд долларга етказиш;
       – қўшилган қиймат солиғини амалдаги 15 фоиздан 12 фоизгача, телекоммуникация, банк ва молия каби соҳаларда фойда солиғини амалдаги 20 фоиздан 15 фоизгача тушириш;

– иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш;

– рақамли иқтисодиёт ҳажмини 2,5 баравар кўпайтириб, дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 500 млн. долларга етказиш;

– иқтисодиётга 120 млрд, шу жумладан 70 млрд доллар миқдорида хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини 30 млрд
долларга етказиш;

– деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш;
       – сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш
ва сувни тежаш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш,
ҳар йили камида 7 млрд м3 сувни тежаш;
       – чорвачилик озуқа базасини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5-2 баравар кўпайтириш;

– мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, интенсив боғлар майдонини 3 баравар ва иссиқхоналарни 2 баравар кўпайтириб, экспорт салоҳиятини 1 млрд долларга ошириш;

– шароити “оғир” бўлган 14 та туманларда тадбиркорликни ривожлантириш учун пасайтирилган солиқ ставкаларини ўрнатиш;
       – “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” дастури доирасида маҳаллий сайёҳлар сонини 12 млн нафардан ошириш ҳамда хорижий туристлар сонини 9 млн нафарга етказиш.

Яна шуни айтиш жоизки, олиб борилган ислоҳотлар натижалари таҳлили уларнинг юқори самарадорлигини кўрсатмоқда. Ислоҳотларнинг қисқа ва ўрта муддатли мақсадлари изчил амалга оширилиб, белгиланган мезонларга эришилди. Ўзбекистоннинг кўплаб халқаро рейтинглардаги ўрни жадал юксалиб бораётгани ҳам бунинг яққол далилидир.

Пировардида, шуни айтиш керакки, ислоҳотлар бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратилаётгани боис изчил амалга оширилмоқда. Бунга мисол тариқасида давлат мулкини хусусийлаштиришга ёндашувни келтириш мумкин. Уни хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароит мавжуд бўлмаганда ёки инвестиция салоҳияти паст бўлганида амалга ошириш ўта мулоҳазасиз иш бўларди. Бироқ ислоҳотларнинг биринчи босқичида бунинг учун шароитлар яратилди ва иккинчи босқичда хусусийлаштириш ислоҳотларнинг долзарб йўналишига айланди.

Аблқосим Рузиқулов

Сурхондарё вилоят суди раиси