ЯНГИ МЕҲНАТ ҚОНУНЧИЛИГИДА ЎН САККИЗ ЁШГА ТЎЛМАГАН ХОДИМЛАРНИНГ МЕҲНАТ ҚИЛИШ ҲУҚУҚЛАРИНИНГ ТАРТИБГА СОЛИНИШИ
Мамалакатимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Бу борада ёшларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларини химоя қилиш борасида Янги Меҳнат кодексида бир қатор нормалар киритилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 411-моддасига кўра, ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланадиган энг кам иш ўринлари ҳисобидан захирадаги иш ўринларига маҳаллий меҳнат органларининг йўлланмаси билан ишга жойлашиш кафолатланган.
Шунингдек, ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг меҳнатини меҳнат шароити зарарли ва (ёки) хавфли бўлган ишларда, ер ости ишларида, шунингдек бажарилиши уларнинг ҳаётига ва соғлиғига, хавфсизлигига ва маънавий жиҳатдан камол топишига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда (тунги кафе ва клубларда, спиртли ичимликларни, тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни, токсик препаратларни ишлаб чиқариш, ташиш ҳамда сотиш ва бошқалар) қўллаш тақиқланган.
Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларнинг улар учун белгиланган йўл қўйиладиган энг кўп нормалардан ортиқ бўлган оғирликдаги юкларни кўтариши ва ташиши тақиқланган.
Ўн саккиз ёш тўлмаган ходимларнинг соғлини асраш мақсадида улар фақатгина дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ўтганидан кейин ишга қабул қилинади ва кейинчалик улар ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши лозим.
Иш вақтининг давомийлиги ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган, ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади.
Меҳнат қонунчилигида ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларни хизмат сафарига юбориш, тунги ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиш тақиқланиши белгилаб қўйилган.
Иш берувчининг ташаббуси билан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилишга, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя этишдан ташқари, маҳаллий меҳнат органининг розилиги билан йўл қўйилади.
Ота-онадан бири (ота-она ўрнини босувчи шахс), шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органлар ҳамда вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар, агар ишни давом эттириш ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг ҳаётига ва соғлиғига, хавфсизлигига ҳамда маънавий жиҳатдан камол топишига таҳдид солаётган бўлса ёки уларга бошқача тарзда зиён етказиши мумкин бўлса, бундай шахслар билан меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли ҳисобланадилар.
Бахтиёр Мустафаев
Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси