ЭҲТИЁТСИЗЛИК ОРҚАСИДАГИ ЖИНОЯТ ….

Ҳаётда кечаётган воқеа-ҳодисалар учун қисмат эмас, ҳар кимнинг ўзи сабабчидир. Зотан, кимдир эзгулик ортидан эргашиб, бахт манзилига етса, яна кимдир гумроҳлигидан, фикри ожизлигидан тақдирига ўзи қора чизиқ тортади.

Фикримизни бир жиноят тавсилотига қаратмоқчимиз.

Эндигина 36 ёшни қаршилаган Бандихонлик Бахтиёр Хакимов (исм фамилиялар ўзгартирилган) жорий йилнинг 29 февраль куни ўзига олдиндан таниш бўлган Примқул Омонов билан дастлаб туманнинг «Наврўз» маҳалласи ҳудудида жойлашган “Бозорбобо балиқлари” оилавий корхонасига қарашли умумий овқатланиш шаҳобчасида, кейинчалик эса туман марказидаги алкоголь маҳсулотлари сотишга мўлжалланган савдо дўконида меъёридан ортиқ спиртли ичимликлар истеъмол қилишиб, маст ҳолатда шу куни соат 21-22 ларга қадар бўлган вақт давомида бирга бўлишиб, шундан сўнг Примқулни мастлик ҳолатида яшаш уйига кета олмаслигини билиб, уни ўзининг яшаш уйига томон олиб бориш мақсадида пиёда юриб, бир-бирини суяган холда етаклашиб кетишади. Йўл-йўлакай кетаётиб қор ёғиб турганлиги, ернинг нам ва сирпанчиқлиги оқибатида бир неча маротаба Примқул оёғи тойиб ерга йиқилиб тушган вақтида Бахтиёр ҳам эҳтиётсизлиги оқибатида унинг устига бориб йиқилиб тушади.

Натижада эса Примқул оғир тан жароҳати олиб, олган тан жароҳати таъсирида ҳаракатлана олмай қолади. Бахтиёр атрофда қор ёғиб тургани ҳамда об-ҳавонинг совуқлигини англаган ҳолда, ўзи ҳамроҳини хавфли аҳволга солиб қўйиб, ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмасдан, аксинча атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ҳодиса жойидан яширинади. Бахтиёр шу тариқа гўёки жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида 2024 йил 02 март куни Тожикистон Республикаси ҳудудига чиқиб кетади.

Маст ҳолатда бўлган Примқул Омонов об-ҳавонинг совуқлиги, ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолиб олган “ҲАЁТ УЧУН ХАВФЛИ БЎЛГАН ОҒИР” жароҳатлари билан вафот этади.

Суд мажлисида судланувчи Бахтиёр Хакимов ҳақиқатдан ҳам 2024 йил 29 февраль куни 01 март кунига ўтар кечаси марҳум Примқул Омонов билан бирга бўлиб, уни маст ҳолатида ташлаб кетаётган вақтида ўзи ҳам маст ҳолатда бўлганлиги сабабли уни олиб кетишининг имкони бўлмаган бўлса-да, ўзининг эътиборсизлиги сабабли шу атрофда яшовчи фуқароларга ёки ИИБ ходимларига ёки тез тиббий ёрдам ходимларига хабар бериш ҳаёлига келмаганлиги, ҳозирги вақтда қилмишидан чин-кўнгилдан пушаймонлигини билдириб суддан ўзига енгиллик беришни сўради.

Марҳумнинг қонуний вакили суддан судланувчи Бахтиёр Хакимовга нисбатан қонуний жазо берилишини сўради.

Суд, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг  суддаги кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо берди.

Судланувчи Бахтиёр Хакимовга нисбатан жазо тури ва муддатини белгилашда, уни ўз айбига иқрорлик билдириб, қилмишидан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини, оилавий ва моддий шароитини  жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, мазкур жиноятни ғаразли ва бошқа паст ниятларда содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, унга нисбатан 2 (икки) йил 6 (олти) ой озодликдан махрум қилиш жазоси тайинлади ҳамда уни суд залидан дарҳол қамоққа олди.

Суд, Бахтиёр Хакимовнинг содир этган қилмишлари оқибатида – уни ўз умрини панжара ортида ўташга лойиқ деб топди.

ТАХИР БЕКПУЛАТОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси