Эндиликда қамоққа олинган шахслар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин тиббий кўрикдан ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йил 17 март кунидаги бешинчи ялпи мажлисида “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қамоққа олинганларга нисбатан қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишга қаратилган қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Мазкур қонун муҳокамасида сенаторлар томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Қонун мазкум ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда қамоққа олинганлар тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин ўша ернинг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилиши назарда тутилган.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги кафолатлари янада мустаҳкамланишига, давлатимизнинг инсон ҳуқуқлари таъминланиши бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги нуфузи ошишига хизмат қилади.

Таъкидлаш керакки, маъқуллаган ушбу қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси