Шифокорнинг эътиборсизлиги фожеага сабаб бўлди

Шифокорларни инсон ҳаётини сақлаб қолувчи нажот фаришталари десак муболаға бўлмайди, аммо бу соҳада ҳам ўз касбига совуққонлик билан қараб, ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик ва бепарволик қилиш оқибатида ёш инсонларнинг бевақт умри  хазон бўлишига сабабчи бўлиб қолаётган шифокорларни учратиш мумкин.

          Лола Азизова (исм, фамилиялари ўзгартирилган) турмуш ўртоғи Рустам Инотов (исм, фамилиялари ўзгартирилган) билан не-не ниятларда турмуш қурди. Аллоҳ  уларга  фарзанд кутишдек ажойиб бир неъматни ҳам ато этди, аммо минг афсуски тиббиёт ходимларининг бепарволиги сабаб унинг ҳаёти туғруқ жараёнида фожеа билан тугади.

         Аслида воқеа бундай бўлганди. Лола Азизова турмуш ўртоғи билан бир неча йиллардан буён Тошкент шаҳрида яшаётганди, ўша ерда ҳомиладорлиги бўйича ҳисобда туриб, барча тиббий кўриклардан ўтганди, пандемия бошланиб, карантин эълон қилинганлиги сабабли Олтинсой туманига қайтиб келди ва келганидан сўнг Деновда 2 маротаба, Шўрчи туманида 1 маротаба тиббий кўрикдан ўтганди, унинг соғлиги яхши эди.

       Лола Азизованинг ой-куни етгандан сўнг, уни онаси, қайнонаси ва турмуш ўртоғи  биргаликда Олтинсой тумани туғруқ бўлимига олиб келишди. Шифокорлар Саид Авазов ва ( исм, фамилиялари ўзгартирилган), Адиба Ҳафизова ( исм,фамилиялари ўзгартилган, акушер гениколог) лар Лола Азизованинг аҳволи яхши эканлигини, худо ҳоҳласа эсон-омон фарзандини қўлига олиши мумкинлигини айтгандан сўнг  хотиржам бўлишди.

        Шифокорлар Саид Авазов ва Адиба Ҳафизовалар томонидан ҳомиладор Лола Азизованинг алмашув картасида унинг қон гуруҳи кам учрайдиган ОaB (I) Rh-манфий резус факторли эканлиги кўрсатилган бўлсада, бунга эътибор қаратмасдан, ушбу тоифадаги қон захирасини топиш чораларини кўрмаганлиги,  зудлик билан беморнинг умумий қон, биохимик ва сийдик таҳлили натижаларини олиб, мутахассисларни чақиртириб, беморни кўрикдан ўтказмаганлиги, кўрик ва таҳлил натижаларидан келиб чиққан ҳолда туғруқ режасини ишлаб чиқмаганлиги натижасида ҳомиладор Лола Азизовага нотўлиқ ташхис қўйилганлиги оқибатида  Лола Азизовада туғруқдан сўнг қон ивимаслиги туфайли қон кетиши тўхтамаслиги ҳолати кузатилишига, беморда бачадонни олиб ташлаш операциясини ўтказиш жараёнида ўз вақтида ушбу гуруҳ ва резус фактордаги қон захираси тайёрлаб қўйилмаганлиги, ушбу турдаги қон топилгунига қадар қон плазмаси қуйилмаганлиги натижасида ҳомиладор Лола Азизованинг ички қон кетишидан вафот этишига сабабчи бўлган.

         Балки шифокорлар томонидан ҳомиладор Лола Азизованинг қон гуруҳи резус манфийлигига эртароқ эътибор қилиб, зарур чоралар кўрилганида балки бир инсоннинг тақдири сақлаб қолинган бўлармиди.

          Суд, судланувчилар Саид Авазов ва Адиба Ҳафизоваларнинг айбига иқрор, қилмишидан пушаймонлигини, марҳуманинг қонуний вакилининг давоси йўқлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, уларнинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқ деб ҳисоблаб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми билан, шу Кодекснинг 45-моддасини қўллаб, 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни тиббиёт соҳасидаги вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

 Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг раиси         Илҳом Абраев

Сурхондарё вилоят судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти      Нилуфар Тўраева