ШАҲАРСОЗЛИК НОРМАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК МАВЖУД

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда турар жойлар ва ижтимоий-маиший объектлар қурилишини ривожлантириш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг замонавий архитектура қиёфасини шакллантирувчи шаҳарсозлик ҳужжатлари билан таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар тизимли амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида бир неча шаҳарлар ва шаҳар посёлкалари бош режалар билан таъминланди, қишлоқлар фуқаролр йиғинлари ҳудудларни архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш лойиҳаларига эга бўлди.
Шаҳарсозлик жадал суратлар билан ривожланиб бораётган юртимизда ушбу соҳани қатъий қонун билан тартибга солиш муҳим аҳамиятга эга эди.
Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 25 мартдаги ЎРҚ-1050-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритилиб, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди яъни лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишлари бажарилаётганда талабларни бузиш, шунингдек қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳамда йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияларининг кўрсатмаларини бажаришдан қасддан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик (бундан 300 куб метрдан ортиқ бўлмаган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар ҳамда икки қаватдан юқори бўлмаган (соколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жой қурилиш объектлари мустасно) -фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари, мансабдор шахсларга эса етмиш баравари миқдорда жарима белгиланди.
Шунингдек, қурилиши тугалланган бинолар ва иншоотлардан фойдаланишга доир рухсатнома бериш ҳамда уларни фойдаланишга қабул қилиш қоидаларини бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундан ташқари, кўп квартирали уйлардаги таянч конструкцияларни қонунчиликни ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни бузган ҳолда ўзгартириш ва (ёки) реконструкция қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шу каби, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга тақиқлар (чекловлар) белгиланган зоналарда ушбу ишларни бажариш ёки аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига, уларни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларига зид равишда (бош режаларда назарда тутилмаган) бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуриш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, шу жумладан ўзининг тарихий-маданий қимматига кўра Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шуни ёддан чиқамаслигимиз лозимки, шаҳарсозлик нормаларига амал қилиш ўзимиз ва оиламиз хавфсизлиги учун муҳим аҳамият каб этади, шаҳарсозлик нормаларини бузиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликдан ташқари ўзимиз ва оиламиз учун оғир ва кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун барчамиз белгиланган нормаларга қатъий амал қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
ФАРХОД ХУШБОҚОВ,
Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси