Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш тартиби

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳамда шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш тартиби қайд этиб ўтилган.

Унга кўра, шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг стационарда ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги ариза судга шахс ётган психиатрия муассасаси томонидан берилади.

Ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш учун қонунда назарда тутилган асослар кўрсатилган аризага шифокор психиатрлардан иборат комиссиянинг шахснинг психиатрия стационарида бундан кейин бўлиши зарурлиги тўғрисидаги асослантирилган хулосаси илова қилинади.

Ариза психиатрия муассасаси жойлашган ердаги суд томонидан кўриб чиқилади.

Суд аризани қабул қилиш билан бир пайтда аризани судда кўриб чиқиш учун зарур бўлган муддатда шахснинг психиатрия стационарида бўлиб туриши масаласини ҳал этади.

Шахсни психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг стационарда ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги иш суд томонидан стационарга ётқизилаётган шахснинг қонуний вакили ва стационарга ётқизишнинг асослилиги тўғрисида хулоса берган комиссия таркибидаги шифокор психиатр, прокурор, шунингдек шахс ётган психиатрия муассасаси вакили иштирокида ўн кунлик муддат ичида кўриб чиқилади.

Суд мажлисига психиатрия муассасаси вакилининг узрсиз сабабларга кўра келмаганлиги аризани кўриб чиқишга монелик қилмайди, бироқ суд унинг келишини шарт деб топиши мумкин.

Суднинг аризани қаноатлантириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори тегишинча шахсни психиатрия стационарига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки унинг стационарда ётиши муддатини узайтириш учун асос бўлади.

Шунингдек, сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги ариза судга мазкур шахс диспансер ҳисобида турган ёхуд даволанаётган ёки унинг яшаш (турган) жойидаги сил касаллигига қарши кураш муассасаси томонидан берилади.

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги ариза мазкур шахс диспансер ҳисобида турган ёхуд даволанаётган сил касаллигига қарши кураш муассасаси жойлашган ердаги ёки унинг яшаш (турган) жойидаги судда кўриб чиқилади.

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ариза ушбу муассаса тиббий комиссиясининг тиббий текширувдан ва (ёки) даволанишдан бўйин товлаётган мазкур шахсни ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш зарурлиги ҳақидаги хулосаси қабул қилинган кундан эътиборан бир сутка ичида берилади. Хулосада даволаш ўтказиладиган муддат кўрсатилади.

Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахснинг сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимида ғайриихтиёрий тартибда ётиши муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза ушбу муассаса тиббий комиссиясининг шахснинг даволанишда бўлган муассасада ётиши муддатини узайтириш зарурлиги ҳақидаги хулосаси асосида берилади. Хулосада даволаш ўтказиладиган муддат кўрсатилади.

Шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги иш сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисида ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақида ариза берилган кундан эътиборан уч кунлик муддатда суд томонидан мазкур шахс диспансер ҳисобида турган ёхуд даволанаётган сил касаллигига қарши кураш муассасасининг вакили — тиббий комиссияси аъзоси, сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахснинг вакили, шунингдек прокурор иштирокида кўриб чиқилади. Сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган, иши судда кўриб чиқилаётган шахс, агар унинг соғлиғи ҳолати имкон берса, суд мажлисига чақирилиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, сил касаллигига қарши кураш муассасаси вакилининг – тиббий комиссияси аъзосининг, сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахс вакилининг суд мажлисига узрсиз сабабга кўра келмаганлиги ишни кўриб чиқишга монелик қилмайди, бироқ суд бу шахсларнинг келишини шарт деб топиши мумкин. Суднинг аризани қаноатлантириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган шахсни тегишинча сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш учун асос бўлади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси