“ХАВФСИЗ ЙЎЛ ВА ХАВФСИЗ ПИЁДА”
Сўнгги йилларда Республикамиз ҳудудида содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисалари ва автоҳалокатлар ҳар қачонгидан бир қадар муаммоли ва аянли тус олиб бормоқда.
Масаланинг долзарблиги ва хавотирлилиги шундаки, бунда кўплаб инсонлар ўлими, оғир тан жароҳатлари юзага келмоқда.
Хусусан, шу масалада 2022 йил 11 февраль куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган “Йўлларда инсон хавфсизлигини кучайтириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги махсус видеоселектор йиғилишида сўнгги йилларда республикамиз йўлларида содир бўлаётган автоҳалокатлар сони бирмунча ортганлиги ва тинимсиз ортиб бораётгани куюнчаклик билан қайд этилиб, бу давлатмиз миқёсида алоҳида ташвиш уйғотаётганлиги, чунки автоҳалокатлар натижасида юзага келаётган ўлим сонлари коронавирус пандемияси оқибатида юз бераётган ўлимлар сонидан ҳам юқори бўлаётганлиги, бу эса автотранспорт воситалари бошқаруви ва ҳаракатланиши билан боғлиқ тизимни тубдан ислоҳ қилиш масалаларини ҳал этишни талаб этаётгани таъкидланди.
Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан бу йил барча ҳудудларда “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” умуммиллий дастури ҳамда автомобилни тартибсиз бошқариб, бошқа ҳайдовчиларга халақит қилганлик учун алоҳида “йўл безорилиги” деган янги жавобгарлик турлари қонунчиликка киритилиши, шу билан бирга бундан буён ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома бериш бўйича янги тизим яратилиши борасида таклифлар илгари сурилди ва мутасадди раҳбарларга қатъий топшириқлар берилди.
Суд амалиётини таҳлил қиладиган бўлсак, жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди томонидан биргина ўтган 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси бўйича 19 нафар шахсга нисбатан 19 та жиноят ишлари судда мазмунан кўриб чиқилган бўлиб, шундан 6 та ҳолатда инсонлар ўлими юз берган. Албатта, айбдор шахсларга нисбатан қилмишига яраша қонунда белгиланган жазо чоралари кўрилиб, жиноятнинг сабаблари ва унга имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш борасида хусусий ажримлар чиқариш йўли билан муносабат билдириб борилмоқда.
Бироқ, масаланинг ўта долзарблигини ёдда тутган ҳолда келгусида йўл-транспорт ҳодисалари ва автоҳалокатлар юз беришининг олдини олиш, ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар содир этилишини кескин камайтириш борасида ҳар биримиз ўзимизнинг масъул эканимизни ҳис қилган ҳолда кенг жамоатчилик иштирокида курашмоғимиз талаб этилади.
Отабек Эргашев
Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди раиси