ФУҚАРОНИ МУОМАЛА ЛАЁҚАТИНИ ЧЕКЛАШ ВА ФУҚАРОНИ МУОМАЛАГА ЛАЁҚАТСИЗ ДЕБ ТОПИШ ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ СУДДА КЎРИЛИШИНИ ЎЗИГА ҲОС ҲУСУСИЯТЛАРИ.

Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши натижасида фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ёки фуқарони руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги) туфайли муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги иш унинг оила аъзолари, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор, даволаш муассасалари ва бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари берган аризалар бўйича қўзғатилиши мумкин. Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ариза мазкур фуқаро яшаб турган жойдаги, агар бу шахс даволаш муассасасига жойлаштирилган бўлса, мазкур муассаса жойлашган ҳудуддаги судга берилади. Фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги аризада спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилувчи шахс ўз оиласини моддий жиҳатдан оғир аҳволга солиб қўяётганлигидан далолат берувчи ҳолатлар баён этилиши керак. Фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги аризада шахснинг руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги), шунинг оқибатида у ўз хатти-ҳаракатларини англай олмаслигидан ёки бошқара олмаслигидан далолат берувчи ҳолатлар баён қилиниши керак. судья аризани олгач, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тартибида фуқаронинг руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) тўғрисида етарли маълумотлар мавжуд бўлса, унинг руҳий аҳволини аниқлаш учун суд-психиатрия экспертизасини тайинлайди.

Суднинг фуқаpони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғpисидаги ҳал қилув қаpоpи васийлик ва ҳомийлик органининг муомала лаёқати чекланган шахсга ҳомий тайинлаши, муомалага лаёқатсиз шахсга эса васий тайинлаши учун асос бўлади. Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топганда суд ҳал қилув қарори кучга кирганидан сўнг уч кун ичида бу ҳақда мазкур шахс яшаб турган жойдаги ҳомийлик ва васийлик органига хабар қилади ва унинг устидан ҳомий ёки васий тайинлаш учун ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхасини юборади.

Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишларни юритиш билан боғлиқ суд харажатлари аризачидан ундирилмайди. Агар суд ариза фуқаронинг оила аъзолари томонидан инсофсизлик қилиб, асоссиз равишда фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш ёки уни муомала лаёқатидан маҳрум этиш мақсадида атайлаб берилган деб топса, суд харажатларини оила аъзоларидан ундиради.

Руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқарони суд қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топиши мумкин ва бундай фуқарога васийлик белгиланади. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро номидан битимларни уни васийи амалга оширади. Фуқаронинг муомалага лаёқатсиз деб топилишига сабаб бўлган асослар бекор бўлса, суд уни муомалага лаёқатли деб топади ва унга белгиланган васийликни бекор қилади.

Спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қилиш натижасида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяётган фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан фуқаролик процессуал қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чеклаб қўйилиши мумкин. Унга ҳомийлик белгиланади. Бундай фуқаро майда маиший битимларни мустақил тузиш ҳуқуқига эга. У бошқа битимларни ҳомийнинг розилиги билангина тузиши, шунингдек иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадлар олиши ҳамда уларни тасарруф этиши мумкин. Бироқ бундай фуқаро ўзи тузган битимлар бўйича ва етказган зарари учун мустақил равишда мулкий жавобгар бўлади. Фуқаронинг муомала лаёқати чекланишига сабаб бўлган асослар бекор бўлса, суд унинг муомала лаёқатини чеклашни бекор қилади. Фуқарога белгиланган ҳомийлик суд қарори асосида бекор қилинади.

Фазлиддин Аллаёров          

      Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси