Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман суди биносида “Медиация хонаси” ва “Она ва бола хонаси” ташкил этилди

Сурхондарё вилоят судлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги Қонунига асосан фуқаровий-ҳуқуқий, шу жумладан, оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга нисбатан медиация келишувини қўллаш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман суди биносида “Медиация хонаси” ва суд мажлисига келган томонлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун “Она ва бола хонаси” ҳам ташкил этилди.

Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, турмушнинг дарз кетиши ва у билан боғлиқ можаролар, айрим хонадонлардаги мавжуд нотинч маънавий-руҳий муҳит натижасида содир бўлаётган никоҳдан ажралишлар бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлган масаладир.

Эътиборли жиҳати шундаки, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан оилаларни яраштиришда медиатор, оила ва хотин-қизлар бўлими масъул ходими, Адлия бу́лими, туман имом хатиби ва бошқалар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.

Энг муҳими, суд мажлисига киришдан аввал “Медиация хонаси”даги суҳбатда қатнашган тарафларда оила муқаддас қўрғон эканлиги ҳақида ҳаётий тушунча пайдо бўлади. Бу эса қонуний никоҳни бекор қилиш жараёнида эр ёки хотиннинг ажрим ҳақидаги қарорини ўзгартириши учун хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Таъкидлаш жоизки, “Медиация хонаси” ва суд мажлисига келган томонлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун “Она ва бола хонаси” жисмоний ва юридик шахслар ўртасида юзага келадиган фуқаролик ва меҳнатга оид низоларни тинч йўл билан ҳал этиш ҳамда тарафларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди.

БАХОДИР ДЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари –

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси