ФОЙДАЛАНИЛМАГАН МЕҲНАТ ТАЪТИЛЛАРИ УЧУН ПУЛЛИК КОМПЕНСАЦИЯ ТЎЛАНИШ ТАРТИБИ.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 151-моддасига мувофиқ, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.
Шунинг учун, агар ходим олти йил давомида ўзининг йиллик таътилларидан фойдаланилмаган бўлса, у билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда иш берувчи унга юқорида кўрсатилган барча фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўлаши шарт.
Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 275-моддасида белгиланганидек, иш берувчи ходимнинг пул ундиришга дойр талабларини ҳеч қандай муҳлат билан чекламай, ҳамма вақт учун қондиришга ҳақлидир.
Шунингдек, иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда пуллик компенсацияни барча фойдаланилмаган асосий ва қўшимча таътиллар учун тўлашни рад этаётган бўлса, иш ҳақини ундириш бўйича низо келиб чиққанда меҳнат низоларини кўриб чиқувчи орган ходимнинг унга тўланиши керак бўлган барча фойдаланилмаган таътил кунлари учун компенсация тўлаш ҳақидаги талабларини тўлиқ ҳажмда қондиради.
Даъво муддатига келсак, шуни ҳисобга олиш керакки, даъво муддати судга ёки меҳнат низолари бўйича комиссияга мурожаат қилиш муддатлари учун қўлланилади. Фуқаролик кодексининг 150-моддасига асосан, умумий даъво муддати – уч йил. Шу билан бирга, Фуқаролик кодексининг 151-моддасида белгиланганидек, айрим турдаги талаблар учун қонунларда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муддатлари белгиланиши мумкин.
Меҳнат кодексининг 270-моддасига мувофиқ, судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш учун қуйидаги муддатлар белгиланади.
Жумладан, ишга тиклаш низолари бўйича – ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой, ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб бир йил, бошқа меҳнат низолари бўйича ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ой.
Ушбу моддада белгиланган муддатлар узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, бу муддатлар суд ёки меҳнат низолари комиссияси томонидан қайта тикланиши мумкин.
Шундай қилиб, фойдаланилмаган йиллик таътиллар учун пуллик компенсация тўлаш ҳақида низолар бўйича судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш муддати ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ойдан иборат.
Шу билан бирга, Фуқаролик кодексининг 153-моддасида белгиланганидек, бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади.
Джуманазар Бабатов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси