ФИРИБГАРЛИК ЖИНОЯТЛАРИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШ САБАБЛАРИ ВА ОҚИБАТЛАРИ
Мустақиллик эълон қилинган дастлабки даврдан Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусан, шахс ҳуқуқининг ажралмас таркибий қисми саналган болалар ҳуқуқини таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Тарихан қисқа даврда мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш соҳасида улкан муваффақиятларга эришилмоқда ва бу дунё ҳамжамияти томонидан муносиб баҳоланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасига мувофиқ мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқи фақат шу мулкнинг эгасига тааллуқли. Шунинг учун мулкий ҳуқуқни амалга оширишга ҳар қандай ноқонуний аралашиш ушбу ҳуқуқни жиддий бузиш деб ҳисобланади.
Мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида 2016 йил 27 декабрда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кучга кирди.
Айтиш керакки, янги қонун асосида бир қатор қонунларга, шунингдек, Жиноят кодексига муҳим ўзгартишлар киритилди. Ушбу тузатишлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга, жазо тайинлашда адолат принципини таъминлашга, шунингдек, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга кўмаклашади.
Бу ҳақда сўз борганда, мустақиллик йилларида юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим.
Қабул қилинган қонун билан фирибгарлик жиноятлари учун жазонинг содир қилинган жиноятга мутаносиблигини таъминлашга, бундай қилмишларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлиги оширилди. Жумладан, фирибгарлик жиноятини содир қилганлик учун максимал жазо муддати кучайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддасига мувофиқ, Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш уч йилгача, анча миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса уч йилдан беш йилгача, кўп миқдорда, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса беш йилдан саккиз йилгача, жуда кўп миқдорда, ўта хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мазкур жиноят тури бўйича жазо чораларининг оширилиши юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, жазонинг адолатлилиги тамойилини таъминлаш, шунингдек, жиноятчиликка қарши кураш чораларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Афсуски, сўнгги йилларда ўзгалар мулкини фирибгарлик билан талон-торож қилиш кўпайиб бормоқда.
Фирибгарлик, яъни ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ҳақ тўламай эгаллашдир.
Фирибгарлик жабрланувчини адашишга ундаш орқали содир этилади. Бунинг натижасида жабрланувчи мулк ёки мулкка бўлган ҳуқуқини ихтиёрий ва онгли равишда жиноятчига топшириб қўяди. Алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш фирибгарликнинг шакллари бўлиб, ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқни тўлақонли қўлга киритишдан олдинги оралиқ мақсадни назарда тутади.
Фирибгарлик жиноятини содир этувчи шахслар одатдаалдаш йўли билан яъни, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулк эгаси ёки бошқа шахсга маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ҳаракатлар қилади.
Одатда бу жиноят қурбонлари жуда тез ишонувчан, кундалик турмушда юзага келадиган муаммоларни ҳам ўзгаларнинг ёрдами билан онсон ҳал қилишни истайдиган ва етарли даражад ҳуқуқий билимларга эга бўлмаган шахслардир.
Фуқароларимиз фирибгарларларнинг ёлғон ваъдаларига учиб, ушбу жиноятнинг жабрланувчиси бўлиб қолмаслиги учун,аваламбор ҳаётида ва кундалик турмушда юзага келадиган муаммоларни ечимини ўзгаларни ёрдамисиз топишга ҳаракат қилиш, агарда ўзининг ёрдамини ёки хизматини таклиф қилаётган шахсни ҳаракатлари қонунийлигига шубҳа пайдо бўлса, бу ҳолатда бу каби таклифларни дарҳол рад этиш, ҳаётида дуч келадиган ҳар қандай муаммо ва саволларга қонуний ечим топиш учун давлат органлари (жумладан виртуал порталлар ва ҳалқ қабулхоналари) га мурожаат қилиш лозим бўлади.
Агарда фуқароларнинг фирибгарлик оқибатида ҳуқуқ ва манфаатларингизга путур етган бўлиб, ушбу жиноятдан зарар кўрган бўлса, авваламбор ушбу воқеа содир бўлган жойдаги туман (шаҳар) ички ишлар бўлими ёки прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиш лозим бўлади.
Фирибгарлик ёки бошқа бир жиноят оқибатида жабр кўрганларнинг ҳуқуқ манфаатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар шу жумладан, судлар томонидан қонуний ҳимоя қилинади.
Тўкис ҳаёт кечириш тинимсиз меҳнат ва сабр-тоқат талаб қилади. Агар бирор кимса сизга осон бойиш, мўмай даромад топишни таклиф қилса, билингки, сиз фирибгарга дуч келдингиз. Жиноят турлари ичида энг кўп учрайдигани фирибгарликдир. Фирибгарликнинг тарихи узун. Аслида, алдов, таъмагирлик, туҳмат, фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкига эгалик қилиш кишилик жамияти билан бир пайтда пайдо бўлган. Айни чоғда эса фирибгарликнинг юздан ортиқ тури мавжуд.
Айрим фирибгарлик жиноий воқеаларни оладиган бўлсак, жабрланувчиларнинг ўзлари қонунларимизни четлаб ўтмоқчи бўлганликларининг гувоҳи бўламиз. Бундай фуқароларимиз ишларини битириш учун кимларнингдир хизматидан фойдаланишга уринадилар-да, оқибатда бошлари деворга урилгандан сўнг, бу ҳақда тегишли жойга мурожаат қиладилар.
Қонун ҳамма учун баробар ва унга ҳамма амал қилиши шарт. Қонунларга беэътибор бўлмаган инсон ҳеч қачон бундай фирибгарлик жинояти жабрланувчиси бўлиб қолмайди.
Ҳақиқатга тик қарайдиган бўлсак, фирибгар айримларимизнинг қўшнимиз ёки дўстимиз бўлиши ҳам мумкин. Бироқ шўролар тузумидан қолган лоқайдлик, сен менга тегма, мен сенга тегмайман, қабилидаги кайфият ҳамон бизни тарк этмагани сабаб фирибгар, жиноятчи ва нияти бузуқ ғаламисларга орамизда бемалол ҳаракат қилиш имконини туғдириб бермоқдамиз. Бепарволик қилмасдан ўз вақтида ана шундай шахсларнинг қора қилмишларига чек қўйилишига ўз ҳиссамизни қўшаолсак, аввало, бир бечорани талофотдан қутқариб қоламиз, қолаверса, жамият ривожига ҳисса қўшган бўламиз. Хулоса қилиб айтганда инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат ва эъзозга лойиқ, инсон қадриятларни топташга уринган ҳар қандай шахсга қонун олдида жавобгарлик муқаррардир.
Н.Хасанова
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судья ёрдамчиси