ФАРЗАНД ТАЪМИНОТИ – ҲАР БИР ОТА-ОНАНИНГ МУҚАДДАС БУРЧИ

Маълумки, алимент – вояга етмаган фарзанднинг таъминоти, тарбияси ва эҳтиёжлари учун ажратиладиган муҳим маблағ ҳисобланади. Суд қарори билан вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун ота ёки онадан алимент ундирилиши белгиланиши мумкин.

Бироқ, айрим ота-оналар томонидан бу масъулиятни бажаришдан бўйин товлаш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Шуни айтиш керакки, алимент нафақат ҳуқуқий, балки ҳар бир ота-онанинг фарзанд олдидаги инсоний бурчидир.

Фикримизни бир маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатига қаратсак. Музработлик бир фуқаро ўзининг бир нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент тўлаши лозим эди. Аммо сўнгги икки йил давомида у фарзанди олдидаги мажбуриятини бажармасдан, жами бўли 28 миллион сўмдан ортиқ алимент пулларини тўламасдан келган.

Натижада Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида қарздор шахс пойтахтда юрганлиги аниқланиб, ижро ҳаракатлари давом эттирилди. Бир неча бор огоҳғлантиришларга қарамасдан, алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаган қарздор отага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва иш судга оширилди. Тўпланган ҳужжатлар очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, қарздор отага 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди ва жазо муқаррарлиги таъминланди.

Хулоса шуки, фарзанд таъминоти – қонун талаби бўлиш билан бирга, ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчи эканини унутмаслик лозим.

ХАДИЧА РАҲИМОВА,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди тергов судьяси