“Уч авлод учрашуви”
Жорий йилнинг 9 октябрь куни Сурхондарё вилоят суди ва Сурхондарё вилоят маъмурий суди томонидан суд тизимида доимий равишда йўлга қўйилган “Устоз-шогирдлик” анъанаси тадбири давом эттирилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 сентябрдаги тегишли баёнига асосан, жорий йилнинг 4-10 октябрь кунлари “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш-халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида “Кексалар ҳафталиги” ҳам ўтказиб келинмоқда. Шундай учрашувлардан бири Сурхондарё вилоят судларида ҳам бўлиб ўтди.
Унда cуд тизимида ишлаган фахрийлар ва фаолият юритаётган судьялар ҳамда заҳирадаги бўлажак судьялардан иборат уч авлод йиғилган мазкур тадбирда Худояр Мухаммадиев, Қурбонпўлат Жўраев, Ойимжон Якубова ва Худойберди Норалиев сингари қатор фахрийлар ташриф буюришди.
Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси Суннат Халматов сўзга чиқиб, судьяларга яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар борасида тўхталиб, суд фахрийларига кўрсатилаётган эътибор учун ўз миннатдорлигини билдирди. “Одил судловни чинакамига таъминлаш, қонун устуворлиги ва адолатни барқарор бўлишини, барча судьялардан фидоийлик ва қатъиятлиликни бўшаштирмасликни, шунингдек ёш судьялар ва захирада бўлган бўлажак судьяларга фахрийлардан ўрнак олиш зарурлигини айтиб ўтди.
Сўзга чиққан меҳнат фахрийлари эса узоқ йиллик фаолияти давомида орттирган тажрибаларини судьялар ва бўлажак судьялар билан ўртоқлашиб, уларнинг иш фаолиятларига улкан зафарлар тилашди.
Тадбир давомида Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев қаламига мансуб, ўз ичига 8 та мавзуни қамраб олган “Адолат инсонпарварликнинг олий нуқтаси” номли рисоласи суд фахрийлари, судьялар ва суд ходимларига топширилди.
Таъкидлаш жоиз судьялар томонидан мунтазам равишда узоқ йиллар давомида суд тизимида хизмат қилиб, бугунги кунда нуроний ёшга тўлган фахрийларни жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида уларнинг холидан хабар олиб келинади.
Тадбир якунида судьялар ва захирадаги бўлажак судьялар сўзга чиқиб, суд фахрийларига узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ тилаб, ўз тажрибалари билан бўлишишгани учун миннатдорлик билдирди.
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти