Товарлар, ишлар, хизматлардаги нуқсонлар оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш асослари, жавобгарлик, муддат ва жавобгарликдан озод қилиш асослари

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1017-моддасида товарнинг, ишнинг, хизматнинг нуқсонлари оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш асослари кўрсатиб ўтилган.

Унга кўра, товарнинг (ишнинг, хизматнинг) конструктив, рецептуравий ёки бошқа нуқсонлари оқибатида, шунингдек товар (иш, хизмат) тўғрисидаги маълумот нотўғри ёки етарли эмаслиги оқибатида фуқаронинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига ёхуд юридик шахснинг мол-мулкига етказилган зарар сотувчи ёки тайёрловчи (ижрочи) томонидан, уларнинг айбидан ва жабрланувчи улар билан шартнома муносабатларида бўлгани ёки бўлмаганидан қатъи назар, қопланиши лозим.

Юқорида назарда тутилган қоидалар товарни (ишнинг бажарилиши, хизматнинг кўрсатилиши) тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун эмас, балки истеъмол мақсадлари учун сотиб олинган ҳоллардагина қўлланилади.

Товарнинг нуқсонлари оқибатида етказилган зарар жабрланувчининг танловига кўра товарнинг сотувчиси ёки тайёрловчиси томонидан, ишнинг (хизматнинг) нуқсони оқибатида етказилган зарар ишни бажарган ёки хизматни кўрсатган шахс (ижрочи) томонидан ҳамда товар (иш, хизмат) тўғрисида тўлиқ ёки ишончли маълумот бермаганлик оқибатида етказилган зарар ушбу модданинг қоидаларига мувофиқ қопланиши лозим.

Товарнинг (ишнинг, хизматнинг) нуқсонлари оқибатида етказилган зарар, агар у товарнинг (ишнинг, хизматнинг) белгиланган яроқлилик муддатлари мобайнида етказилган бўлса, қопланиши лозим, мабодо яроқлилик муддати белгиланмаган бўлса, товар ишлаб чиқарилган (иш, хизмат қабул қилиб олинган) кундан бошлаб ўн йил мобайнида қопланиши лозим.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддатлардан ташқари зарар қуйидаги ҳолларда қопланиши лозим, агар:

-қонун талаблари бузилиб яроқлилик муддати белгиланмаган бўлса;

-товарни сотиб олган, ишни бажартирган ёки хизматдан фойдаланган шахс яроқлилик муддати тугаганидан кейин зарур бўлган ҳаракатларни қилиши тўғрисида ва кўрсатилган ҳаракатлар бажарилмаган тақдирда келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатлар тўғрисида огоҳлантирилмаган бўлса.

Товарнинг сотувчиси ёки тайёрловчиси, ишнинг (хизматнинг) ижрочиси, зарар енгиб бўлмас куч таъсирида ёки истеъмолчи товарларни сақлаш ёки улардан (ишнинг натижаларидан, хизматлардан) фойдаланиш юзасидан белгиланган қоидаларни бузиши оқибатида етказилганлигини исботлаган ҳолларда жавобгарликдан озод қилинади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, инсоннинг шахсий мулкий ва номулкий ҳуқуқларига даҳл этилганда унинг ўрни албатта қопланиши шарт.

ДИЛОРОМ АЛМУРАТОВА,

Сурхондарё вилоят суди судьяси