ТЕРМИЗДА ОҒУФУРУШГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

очерк
Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсонни охир-оқибат залолатга, саломатликдан айрилиш ва жиноятга етаклаши ҳаммамизга маълум. Заҳри қотилни тарқатиш, сотиш эса катта жиноят саналади.
Асад Қаршиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 44 ёшни қаршилаган, 4 нафар фарзандни отаси, касби ҳам ёмон эмас. Анча йиллардан буён нонвойчилик билан шуғулланиб келарди. Лекин ҳалол меҳнат ва пешона тери эвазига топаётган даромади кўзига оз кўриндими, осон ва мўмай пул топиш йўлига ўтди.
Нега дейсизми? Асад 2024 йилнинг баҳор фаслида ўзи истиқомат қилиб келган Денов туманидаги уйининг томорқасида “марихуана” гиёҳвандлик воситаси уруғини экиб, шундан ўсиб чиққан икки туп кўчатини парваришлайди. Оғуни етиштирганидан сўнг уни ўриб олади-ю, кейинчалик сотишни мақсад қилади. Орадан кунлар ўтиб, куз фасли келади, у сақлаб келган оғуларни 2 дона қутида жами 231 дона гугурт қутисига қадоқлаб қўяди.
Тезкор ходимлар томонидан ўтказилган “Қорадори-2025” тезкор тадбири давомида А.Қаршиевнинг Термиз шаҳридаги хонадони кўздан кечирилганида, у сақлаб келаётган 231 дона “СПИЧКИ” ёзувли гугурт қутисига қадоқланган “марихуана” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Албатта, ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Асад Қаршиев жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топиб, унга 10 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унинг бу қилмишларига чек қўйилди.
ОДИЛ НОРМАҲМАТОВ,
Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари –
жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси






