Тарихга назар. Бухоро амирлиги даврида Сурхон воҳасидаги бекликларда суд ишлари ким томонидан амалга оширилган ва улар ким томонидан тайинланган?

Бухоро амирлигида ислом дини ва уни қонун-қоидалар асосида бошқариш лавозими шайхулислом лавозимидаги олий дин мансабдори ихтиёрида бўлган. Диний ишларни назорат қилиш мақсадида ўроқ, судур ва садр каби учта диний лавозим ҳам жорий этилган.
Суд ишлари назорати қозикалон ихтиёрида бўлган, қонун ижроси ва ислом динига эътиқод назоратини раис бошқарган, у қозикалон олдида ҳисобот берган.
Бекликларда барча маъмурий-бошқарув ҳуқуқлари амир томонидан тайинланган бек қўлида бўлган. Беклар юқори табақа вакилларидан бўлиб, асосан йирик ер эгалари бўлишган. Амирликда мансаблар қариндошлик асосида берилган бўлса ҳам бек лавозими масъулиятли бўлганлиги сабабли оддий фуқаро ҳам бу лавозимга тайинланиши мумкин бўлган.
Бекликнинг суд ишлари қози қўлида бўлиб, у ҳам амир томонидан тайинланган. Қози нафақат суд ишларини бошқарган, балки маҳаллий ҳоким фаолиятини ҳам назорат қилиб турган. Амирликда қози-раислар бекларнинг ҳар бир қадамини кузатиб, бу ҳақда Бухорога хабар бериб турганлар. Улар томонидан юборилган хабар ҳеч бир текширувсиз бекни вазифасида озод қилишга олиб келиши мумки бўлган. Бекни вазифасидан озод қилиш қозини алмаштиришдан осон бўлган. Шу тариқа марказий ҳокимият икки томонлама назоратни йўлга қўйган.
1914 йилда Бухоро амирлигида 67 та маҳаллий қози бўлиб, ҳар бир бекликда амир фармони билан тайинланган 5-12 тагача муфти ҳам бўлган.
Бундан ташқари, маҳаллий бошқарув тизимида диний-миршаблик фаолияти билан шуғулланувчи диний уламолар муҳим ўрин тутган. Улар уч тоифага бўлинган. Булар қози, муфтий ва раислардир. Бутун Бухоро амирлигида 67 та қози ва 68 та раис фаолият юритган.
Хусусан, Сурхон воҳаси бекликларида бу мансабдорлар қуйидагилар бўлишган: Бойсун беклигида мулла Абдулнаимҳожи – қози, мулла Абдулнозир – раис; Денов беклигида мулла Нуъмон – қози, мулла Муҳаммад Қурбон – раис; Шеробод беклигида мулла Абдурахмон – қози, мулла Нусратуллахўжа – раис. Айрим вақтларда қози ва раис лавозимига бир киш тайинланган. 1914 йилда Амир Олимхон томонидан Шеробод беклигининг қозиси ва раиси этиб мулла Салоҳиддин тайинланганлиги бунга мисол бўлади.
Хуллас, ҳар бир бекликда халқ манфаатини ҳимоя қилиш ёки уларни жазолаш бек, қози ва раис қўлида бўлиб, фақат ўлим жазоси амир фармони ила амалга оширилган.
РУФАТ БЕГИМОВ,
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси