ТАДБИРКОРНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ
Маълумки, иқтисодий суд ишларини юритишдан кўзланган асосий мақсад иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборат.
Иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, улар учун қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш ва улар иштирокидаги низоларни қонун ҳужжатларига асосан синчковлик билан адолатли кўриб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.
Бу борада иқтисодий судлар томонидан ҳам бевосита низоларни кўриб чиқишда тадбиркорлик субъектлари ўзларининг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали тўлиқ ҳимоя қилишларини таъминлаш мақсадида даъво аризаларидаги ҳар бир ҳолат синчковлик билан ўрганилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари тикланмоқда.
Фикримизга амалий мисол келтирадиган бўлсак, даъвогар “Ш.А” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Агробанк” АТБ Қизириқ филиали ўртасида кредит шартномасига асосан “Банк” “Қарз олувчи”га 350 000 000 сўм кредит маблағи ажратиш, “Қарз олувчи” эса олинган кредит маблағини мазкур кредит шартномасида белгиланган шартларда қайтариш ва унга ҳисобланган фоизлар тўлаш мажбуриятини олган.
Шартноманинг 1.3-бандида кредитдан фойдаланганлик учун “Қарз олувчи” “Банк”ка йиллик 26 фоиз миқдорида фоиз тўлаши, 5.3-бандида “Қарз олувчи” кредитни қайтириш графигига риоя этмаганда ва ўз мажбуриятларини бажармаганда, “Банк” кредит ва фоизлардан қарздорликни “Қарз олувчи”нинг барча, шунингдек, бошқа банклардаги ҳисобварақларидан белгиланган тартибда ундириб олиши, 8.3-бандида кредит ва унинг фоизлари ўз вақтида қайтарилмаганда, “Қарз олувчи” “Банк”ка кечиктирилган ҳар бир кун учун ўз муддатида тўланмаган кредит ва унга ҳисобланган фоизнинг 0,1 фоизи миқдорида пеня тўлаши, бироқ бунда пенянинг умумий суммаси кечиктирилган сумманинг 10 фоизидан ошиб кетмаслиги лозимлиги қайд этилган.
“Агробанк” АТБ Қизириқ филиали томонидан даъвогарнинг ҳисоб рақамидан ортиқча ҳисобланган 15 088 673,78 сўм олинганлиги асоси билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси “Ш.А” масъулияти чекланган жамияти манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар АТБ “Агробанк” ҳисобидан 15 088 673 сўм асосий қарз ва 2 444 364 сўм пеня ундиришни сўраган.
Ишга Марказий банк Сурхондарё вилоят бош бошқармаси томонидан жалб этилган мутахассиснинг кечиктирилган 322 519 652 сўм кредит қарзи ва 85 214 707 сўм кечиктирилган кредит фоизига банк томонидан тўғри пеня ҳисобланиб ундирилганлиги қайд этилган 2024 йил 2 августдаги маълумотномасига асосан Қумқўрғон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорига асосан даъво аризасининг қаноатлантирилиши рад этилган ва даъвогар “Ш.А” масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан Республика бюджетига 350 660,76 сўм давлат божи ундирилган.
Мазкур суд ҳужжати тадбиркор томонидан келтирилган кассация шикоятига асосан қайта кўрилганда, Марказий банк Сурхондарё вилоят худудий бошқармаси томонидан жалб этилган мутахассис томонидан тузилган маълумотномада пеня тўғри ҳисобланганлиги ва шартномада белгиланганидек қайтарилмаган кредит ва фоизлар суммасининг 10 фоизидан ошиб кетмаганлиги қайд этилган бўлса-да, маълумотнома ва унга илова қилинган жадвалларда банкнинг Қизириқ филиали томонидан “Ш.А” масъулияти чекланган жамиятига ўз муддатида қайтарилмаган кредит ва фоизлар суммасига кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,1 фоиз миқдорида, яъни муддати ўтган асосий қарзга 37 692 227,15 сўм, муддати ўтган фоизга 4 042 125 сўм пеня ҳисобланганлиги ва ундирилганлиги кўрсатилганлиги аниқланди ва вилоят судининг кассация инстанция судлов ҳайъати томонидан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво аризасини қаноатлантириш ҳамда тадбиркор фойдасига 15 088 673,78 сўм ундириш тўғрисида янги қарор қабул қилиниб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектлари иштирокида кўрилаётган ҳар бир даъво аризаси қонун ҳужжатлари асосида синчковлик билан кўриб чиқилиши, ишни кўриш жараёнида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қўллаб-қувватланиши ҳамда уларнинг иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш учун қонун доирасида барча зарурий чоралар кўрилиши билан бирга, уларда амалдаги қонунларга нисбатан ҳурматда бўлиш ҳамда шартнома интизомига риоя қилиш муносабатини шакллантириш лозим бўлади.
АСҚАР МАМАРАИМОВ,
Сурхондарё вилоят суди судьяси